Ссылки доступа

Россия ҳудудида чиққан ёнғин Қозоғистондаги қўриқхона ҳудудига ўтди


Маҳаллий ҳокимиятнинг хабар қилишича Қозоғистоннинг Абай вилоятида минг гектардан ошиқ ўрмон ёнмоқда.

Хабар қилинишича, 22 май куни Россия билан чегарадош Новенкое қишлоғи яқинида қуруқ ўт ёниб кетган ва тез орада ёнғин Абай вилоятидаги “Семей ўрмани” қўриқхонасига ҳам ўтган.

- 78-кварталда Россия Федерацияси ҳудудидан дашт ёнғинининг Қозоғистон ҳудудига ўтиши қайд этилди. Соат 15:13 да “Семей ўрмони” огоҳлантирилди, аммо кучли шамол туфайли ёнғин тарқалди. Ўрмон яқинидаги туманлар ва қўшни Шарқий Қозоғистон вилоятидан қўшимча ёрдам сўралди”, — дейди Абай вилояти ўрмон хўжалиги ва ҳайвонот дунёси инспекцияси раҳбари Мақсат Елемесов.

Расмийлар аҳоли пунктларига ҳеч қандай таҳдид йўқлигини билдирмоқда.

Ёнғинни бартараф этишга ўнлаб одамлар ва махсус техника жалб этилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигида тезкор штаблар ташкил этилган.

Соат 12:30 ҳолатига кўра, иккита объектда ёнғинни ўчириш давом эттирилган. Ёнғинни ўчиришга сув-дренаж мосламаси ўрнатилган вертолётлар жалб этилган.

2022 йил июнь ойида ёнғин қўриқхонанинг 250 гектар майдонини қамраб олган. 2021 йилда Риддер шаҳрида 300 гектар ўрмонни қамраб олган ёнғин ўнлаб оилаларни уй-жойидан маҳрум қилди, бир киши ҳалок бўлди.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Олтой ўлкаси бўйича бошқармасининг хабар беришича, кеча Новенкое қишлоғидан бир неча километр узоқликдаги Локтевский туманида қуруқ ўт ёниб кетган. Ёнғин бугун соат тахминан 5 ларда қутқарувчилар ва кўнгиллилар томонидан ўчирилди. Ёнғин майдони тахминан 12 гектарни ташкил этган.

XS
SM
MD
LG