Ссылки доступа

Тожикистонда туман суди раиси пора олганликда айбланиб ҳибсга олинди


Насрулло Садриддинзода судья шаъни ва қадр-қимматини камситгани учун Суғд вилояти Жаббор Расулов туман суди раиси лавозимидан озод этилди. Бу ҳақдаги Тожикистон президентининг фармони 23 май куни эълон қилинди.

Расмийлар суд раисининг ишдан олиниши тафсилотларига ҳозирча изоҳ бермади.

Озодлик радиосининг тожик хизмати манбаларининг хабар беришича, Насрулло Садриддинзодага нисбатан Тожикистон Республикаси Жиноят кодексининг 319-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Мансабдор шахс 23 минг сомоний (2 минг доллар) пора олаётган вақтда Сўғд вилоятида Молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш агентлиги ходимлари томонидан қўлга олинган.

“Насрулло Садриддинзода ҳозир тергов изоляторида. У Жаббор Расулов туманида яшовчи фуқародан пора олаётган вақтида қўлга олинди”, — дея қўшимча қилган манбалардан бири.

Тожикистон президентининг 23 майдаги худди шу фармони билан Зафар Қодирзода Тоғли Бадахшон мухтор вилояти суди судьяси лавозимидан озод этилди. Шунингдек, у “судья шаъни ва қадр-қимматини камситгани учун” лавозимидан четлаштирилди. Аввалроқ Озодлик радиоси манбалари Қодирзод Душанбе шаҳрида ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди. Тожикистон Бош прокуратураси, манбаларга кўра, Қодирзодага нисбатан пора олиш ва фирибгарлик бўйича жиноий иш очган.

Тожикистонда охирги ўн йил давомида 30 га яқин судья “судья шаъни ва қадр-қимматини камситувчи қилмиш содир этганлиги муносабати билан” эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Тожикистонда жами 400 дан ортиқ судья ишлайди. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари мамлакат суд тизими ижро ҳокимиятига боғлиқ, шунинг учун судьялар мустақил эмаслигини бир неча бор таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG