Россия ОАВларнинг хабарига кўра, портлаш Новосергиевка қишлоғида содир бўлган. “Дидал-СК” корхонаси ҳудудида пайвандлаш ишлари олиб борилаётган пайтда денгиз понтони ёрилиб кетган.
Портлаш чоғида ўзбекистонлик муҳожирдан ташқари петербурглик 37 ёшли йигит ҳамда тожикистонлик 50 ёшли ишчи нобуд бўлган.
Шунингдек, нохуш ҳодиса натижасида тожикистонлик 51 ва 54 ёшли ишчилар оғир тан жароҳати олгани, енгилроқ жароҳат олган 47 ёшли яна бир эркак эса тиббий ёрдам кўрсатилгач, уйига жўнатиб юборилгани айтилган. Хабарда уйига йўлланган ишчининг қайси мамлакат фуқароси эканига аниқлик киритилмаган.
Портлашга янги бўёқнинг буғланиши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Ҳодиса ортидан ҳуқуқ-тартибот идоралари Россия Жиноят кодексининг 216-моддаси (Қурилиш ёки бошқа ишларни юритиш чоғида хавфсизлик қоидаларининг бузилиши) бўйича иш қўзғатганлар.
Петербург яқинидаги саноат ҳудудида содир бўлган портлашда ўзбекистонлик ишчи нобуд бўлди

Россиянинг Ленинград вилоятида жойлашган ишлаб чиқариш ҳудудида 23 май куни содир бўлган портлаш оқибатида 41 ёши ўзбекистонлик дохил уч киши ҳалок бўлган.