Ссылки доступа

HRW ўзбек расмийлари диний эркинликларга оид ваъдаларини бажармаётганини урғулади


Диний эркинликлар бўйича ваъдаларга қарамай, Ўзбекистон расмийлари диндорлар ҳуқуқини чеклашда давом этмоқда. Бу ҳақда Ҳюман Райтс Вотч (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг 24 май куни ёйинланган ҳисоботида айтилган.

Ҳисоботда қайд этилишича, мамлакатда диний жамоатларни рўйхатга олишда тўсиқлар яратилган, расмийлар эса мусулмонлар дохил диний фаолларни экстремизм гумони билан таъқиб қилишяпти.

“Президент Шавкат Мирзиёев дастлабки босқичда Ўзбекистонда кўпроқ диний эркинлик беришга қаратилган ислоҳотлар ташаббускори ўлароқ олқишланганди, бироқ бугунги кунда биз жиддий қонунбузарликларнинг жазосиз қолаётгани унинг обрўсига путур етказаётганини кузатяпмиз”, деган HRWнинг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Мира Риттман.

Ҳуқуқ фаоли ўзбек расмийлари аввалда бўлгани каби диний тушунчаларнинг қонунга мувофиқ равишда ифода этилишини “экстремизм кўриниши” деб ҳисоблаётгани, тинч диний жамоатлар ва алоҳида шахслар эса бунинг бадалини тўлаётганини таъкидлаган.

Ҳисобот муаллифлари мусулмонларни ёппасига ҳибсга олиш сингари Ислом Каримов президентлиги пайтида одатий бўлган амалиётга Шавкат Мирзиёев даврида чек қўйилгани, тинч диний фаолияти ёки тушунчалари учун судланган юзлаб диндор озод қилинганини эътироф этишган, бироқ кейинги пайтларда расмийларнинг диний эркинлик ваъдаларидан чекинаётгани, диний жамоатлар ва одамларнинг фаолиятини хавф ўлароқ кўриб, ҳаддан зиёд чекловлар жорий этаётганларига эътибор қаратишган.

Бунга далил ўлароқ ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда диний арбоблар ва оддий диндорларга бўлаётган босимлар бўйича қатор фактларни келтиришган. Ижтимоий тармоқлар орқали диний қўшиқ (нашид) йўллагани учун бир неча кишининг озодликдан маҳрум қилингани шулар жумласидандир.

Ҳисоботда диний фаоллар билан ўтказилган суҳбатларга таянган ҳолда мамлакатда “дин давлатдан ажратилган”ига қарамай, ҳукумат амалдорлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита воситасида диний фаолиятни назорат қилаётгани урғуланган.

HRW вакиллари Ўзбекистонда мусулмонлар экстремизмга оид гумонлар билан таъқиб этилаётгани баробарида собиқ диний маҳкумлар устидан маъмурий назорат ўрнатилгани, соқол, диний либос ва шу кабилар бўйича чекловлар давом этаётгани ҳамда экстремизмда гумонланиб қўлга олинган диндорларга нисбатан ғайриинсоний муносабат ва қийноқ қўлланилаётганига оид иддаоларни тилга олишган.

Ҳисобот Ҳюман Райтс Вотч вакиллари томонидан 2021 йил ноябридан 2022 йил августигача масофадан туриб олиб борилган суҳбатлар ҳамда жорий йилнинг март ойида Тошкент ва Фарғона вилоятларида 20 дан зиёд ҳуқуқ фаоли, блогер, адвокат ва жабрланувчилар билан ўтказилган интервьюларга асосланган.

HRW ўз ҳисоботида халқаро ҳамкорлар БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси бўлган Ўзбекистонни диний эркинликларга риоя қилишга чақириши кераклигини қайд этган.

XS
SM
MD
LG