Ссылки доступа

Тожикистонда прокурор журналист Хуршед Фозиловга 7,5 йил қамоқ жазоси сўради


Журналист Хуршед Фозилов
Журналист Хуршед Фозилов

Давлат айбловчиси журналист Хуршед Фозиловга 7,5 йил қамоқ жазосини талаб қилди. Суд жараёнида адвокат Анвар Бобохонов айбловни асоссиз деб билишини айтиб, ҳимоясидаги шахсни ҳибсдан озод қилишни сўради.

25 май куни Хўжанд шаҳридаги тергов изоляторида журналист Хуршед Фозилов устидан суд жараёни бошланди.

Судланувчининг укаси Хушбахт Фозиловнинг Озодлик радиосига айтишича, икки соатлик кутишдан сўнг у ва онаси адвокатнинг талаби билан суд жараёнига қатнашишга рухсат берилган. Аввалроқ жараёнга фақат бир адвокат ва икки гувоҳ киритилгани хабар қилинганди.

“Судья мендан Хуршед ростдан ҳам журналистика билан шуғулланганми, деб сўради. Акам Тожикистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, авваллари маҳаллий телевидениеда мухбир бўлиб ишлагани, ҳозир эса “Журналистика” сайти муҳаррири, деб жавоб бердим”, — дейди Хушбахт Фозилов.

Хуршед Фозиловни икки адвокат – Дилафруз Самадова ва Анвар Бобохонов ҳимоя қилмоқда. 26 май куни судда адвокат Дилафруз Самадова сўзга чиқади.

10 май куни МХДҚнинг Сўғд вилояти бўйича бошқармаси терговчилари Фозилов иши бўйича терговни якунлади.

Журналист жорий йилнинг январь ойидан шартнома асосида ишлаб келаётган Пенжикент шаҳар меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги бошқармаси биносида 6 март куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинган.

Фозилов ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, Тожикистон Конституцияси ва қонунлари доирасида ҳаракат қилганини даъво қилмоқда.

Журналист ҳибсга олинишидан олдин мустақил маҳаллий ва хорижий ОАВ билан ҳамкорлик қилиб, асосан Зарафшон водийси аҳолисининг муаммолари ҳақида ёзган, маҳаллий ҳокимиятни тез-тез танқид қилган. У ижтимоий тармоқларда ҳам фаол эди.

Хуршед Фозилов ўтган ёздан бери тожик расмийлари томонидан ҳибсга олинган саккизинчи журналистдир. 2022 йилда Тожикистонда етти нафар журналист ва блогер 7 йилдан 21 йилгача бўлган турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, хусусан, ЕХҲТ ва Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Душанбени журналист ва блогерларнинг ҳибсга олингани учун танқид қилиб, уларни озод қилишга чақирди, бироқ Тожикистон расмийларидан ҳеч қандай жавоб бўлмади.

XS
SM
MD
LG