Ссылки доступа

Шавкат Мирзиёев Олий Евросиё иқтисодий кенгашида видеоалоқа орқали иштирок этди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 май куни Олий Евросиё иқтисодий кенгашида видеоалоқа орқали иштирок этди, деб хабар берди президент матбуот хизмати. Ўзбекистон бу ташкилотда 2020 йилдан бери кузатувчи мақомида иштирок этмоқда.

Россия президенти Владимир Путин раислигида ўтган йиғилишда ташкилотга аъзо Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон президентлари, Арманистон бош вазири ва кузатувчи мақомига эга Куба президенти ҳам қатнашди.

Йиғилишга ташкилотга аъзо бўлмаган Озарбайжон ва Тожикистон раҳбарлари ҳам таклиф қилинди.

Президент Мирзиёев ўз нутқида 2022 йилда Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 23 фоизга кўпайганини таъкидлади.

Сўзида давом этар экан, Мирзиёев: “Глобал хавф-хатарлар, транспорт-логистика занжирларида жиддий узилишлар, озиқ-овқат тақчиллиги ва энергетик хавфсизлик таҳдидлари ва бошқа муаммолар кучайиб бораётгани мамлакатларимиз барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг биринчи галдаги вазифаларини ҳал этиш учун яқин ҳамкорликни янада мувофиқлаштиришни тақозо қилмоқда”, – деб таъкидлаган.

Мирзиёев фикрича, ЕОИИ давлатлари ўртасида савдо айланмаси ҳажмини тубдан ошириш учун савдо тартибларини соддалаштириш, техник тўсиқларни бартараф этиш ва сертификатларни ўзаро тан олиш тўғрисидаги битим қабул қилиниши лозим.

Мирзиёев Ўзбекистон кооперация лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича кўп томонлама дастурларда ва ЕОИИ Ишбилармонлар кенгаши фаолиятида иштирок этишдан манфаатдор экани билдирилди.

Шунингдек, Мирзиёев ЕОИИга аъзо давлатларни “Ўзбекистон – Афғонистон - Покистон” темир йўли қурилиши лойиҳасига қўшилишга таклиф этди.

XS
SM
MD
LG