Янги бозор “Ғайрат” хусусий корхонасига тегишли бўлиб, эҳтиёт қисмлар ва маиший техника савдосига ихтисослашган.
Кўлоб шаҳар ҳокими Бахтиёр Назарзода 16 май куни “Лола” бозорини бузиш тўғрисида фармойиш чиқарган, шундан сўнг савдогарларга янги бозорга кўчиш топширилган. 25 май куни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бозор ҳудудини бўшатишга келган, бироқ савдогарларнинг қаршиликларига дуч келган.
Тармоқларда бозор ҳудудида савдогарлар милиция ходимлари ва ҳокимлик вакиллари билан жанжаллашгани, иш жойларини тарк этмасликларини айтгани акс этган видеолар тарқалди.
Савдогарларнинг айтишича, Кўлоб ҳокими “Лола” бозоридаги савдогарларни шаҳар четидаги янги бозорга кўчиришда нима учун бунчалик қаттиқ туриб олганини тушунмаяпти. Уларнинг кўпчилиги янги бозорда растаоарни ижарага олишга маблағлари йўқлигини айтади. Юздан ортиқ тадбиркор ва савдогарлар шаҳар ҳокимига йўллаган мактубида янги жойга кўчиб ўтишдан бош тортаётганликларини билдиришган. 1990 йилларда қурилган бозор савдогарлари уни бузишга ҳожат йўқлигини айтишади.
Ҳокимлик ва бозор савдогарлари ўртасидаги қарама-қаршилик қандай якунланиши ҳозирча номаълум.
Кўлоб шаҳар ҳокимлигининг маълум қилишича, “Лола” бозори замонавий шаҳарсозлик талабларига жавоб бермайди. Бундан ташқари, бозор яқинида автомобиллар тўпланиб қолгани шаҳар йўловчи транспорти ҳаракатига тўсқинлик қилмоқда.
Кўлоб шаҳар ҳокими ўринбосари Манучеҳр Асозода 25 май куни берган интервьюсида янги бозорда тадбиркор ва савдогарлар учун барча зарур шарт-шароит яратилганини айтди. “Лола” бозорида 150-200 нафар савдогар ишласа, янги бозорда 400 нафар савдогар доимий иш билан таъминланади”, — дея қўшимча қилди расмий.