«Чегара билмас мухбирлар» (Reporters Without Borders) халқаро ташкилоти 26 май куни Фозиловга нисбатан чиқарилган ҳукмдан сўнг ўз баёноти билан чиқди. Унда журналистнинг суд жараёни адолатсиз ўтгани айтилади.
«Журналист Хуршед Фозилов адолатсиз суд жараёни натижасида 7 йилга озодликдан маҳрум этилди. Чегара билмас мухбирлар мустақил журналистларга нисбатан шафқатсиз репрессияларни қоралайди», — дейилади баёнотда.
37 ёшли Хуршед Фозилов атиги икки кун давом этган ва тергов изоляторида яқинлари иштирокисиз ўтган суд жараёнидан сўнг тақиқланган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилганликда айбдор деб топилди.
Маҳкумнинг укаси Хушбахт Фозиловнинг сўзларига кўра, Хуршед судда айбига қисман иқрор бўлиб, хориждаги ахборот сайтидан гонорар олганини, бу эса тақиқланган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш деб баҳоланиши мумкин эмаслигини ва экстремизмдаги айбловга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаган.
Хуршед Фозиловнинг адвокати ва яқинлари ҳукм устидан юқори инстанцияларга шикоят қилишмоқчи эканликларини айтишди.
35 ёшли Хуршед Фозилов ҳибсга олинишидан олдин мустақил маҳаллий ва хорижий ОАВда ишлаган ва асосан Зарафшон водийси аҳолиси муаммолари ҳақида ёзган. Ижтимоий тармоқларда ҳам фаол бўлган журналист маҳаллий ҳокимиятни тез-тез танқид қилган.
2022 йилда Тожикистонда етти нафар журналист ва блогер 7 йилдан 21 йилгача бўлган турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.