Ссылки доступа

Расман: Озодбек Назарбековга тегишли МЧЖ таъсисчиси ўзгартирилди


Озодбек Назарбеков
Озодбек Назарбеков

Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбековга тегишли бўлган “Коба санъат мажмуаси” МЧЖси таъсисчиси ўзгартирилди. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 30 майда билдиришича, бу иш “қонунчиликка зид ҳолатни бартараф этиш” мақсадида амалга оширилган.

Агентликнинг билдиришича, Озодбек Назарбеков 2016 йил 16 мартда давлат рўйхатидан ўтказилган “Коба санъат мажмуаси”нинг 100 фоизлик улушига эгалик қилган ва ягона таъсисчиси бўлган. Бу эса амалдаги қонунчиликка зиддир.

Агентлик Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 мартдаги “Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган мансабдор шахсларнинг рўйхати тўғрисида”ги қарори ва “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига асосан давлат органларидаги мансабдор шахсларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш таъқиқланганини эслатган.

Ўзбекистонда кўплаб давлат амалдорлари бевосита ёки билвосита тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тез-тез хабарлар пайдо бўлади.

Озодбек Назарбековнинг ҳам тадбиркорлик билан шуғулланиши тўғрисидаги маълумотлар дастлаб ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан эълон қилинган. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг мазкур баёноти ҳам ижтимоий тармоқлардаги хабарлар ортидан пайдо бўлди.

XS
SM
MD
LG