Ссылки доступа

Тожикистон элчихонаси ҳибсга олинган 150 нафар муҳожирдан 57 нафари ўз фуқаролари эканлигини маълум қилди


Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси 30 май куни эрталаб Москвадаги «Митино» метро бекати яқинида қўлга олинган 150 нафар муҳожирдан 57 нафари Тожикистон фуқаролари эканлигини маълум қилди.

Айни вақтгача улардан 20 нафари қўйиб юборилган, қолган муҳожирларнинг ҳужжатлари текширилмоқда.

Туман полиция бўлимида элчихона вакилларига ҳужжатлар текширилгандан сўнг, қўлга олинганлар белгиланган тартибда қўйиб юборилиши айтилди. Ҳибсга олинганлар орасида бошқа давлат фуқаролари ҳам бор.

Аввалроқ тожикистонлик муҳожирлар Озодлик радиосига жўнатган видеода, ярим тунда уларнинг тўртта автобусда Митинский тумани полиция бўлимига олиб кетилгани тасвирланганини кўриш мумкин эди.

Ҳибсга олинган муҳожирларнинг айримларига кўра, полиция уларни Россия Федерациясида бўлганликларини тасдиқловчи ҳужжатлар бир-бирига мос келмагани учун 5000 рубль миқдорида жаримага тортган. Россия расмийлари воқеа юзасидан изоҳ бермаган.

Сўнгги кунларда Россияда тожикистонлик муҳожирларнинг ҳибсга олиниши ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Ўтган ҳафта юзлаб тожикистонлик муҳожирлар Москва яқинидаги Котелникида қўлга олинган, Хабаровск ўлкасида эса рус полицияси Амур университетининг 100 дан ортиқ тожикистонлик талабаларини калтаклаган. Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси жабрланган талабалар билан учрашиб, уларга ёрдам кўрсатганини айтди.

XS
SM
MD
LG