Жорий йилнинг 19 май куни Комсомолск-на-Амур (Хабаровск ўлкаси) давлат университетининг юздан ортиқ тожикистонлик талабалари Россия махсус кучлари томонидан калтакланган эди. Талабаларнинг сўзларига кўра, ОМОН (Махсус мобил отряд) ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ётоқхонага бостириб кириб, тожикистонлик талабаларни калтаклай бошлаган.
Тожикистон элчихонаси 30 май куни дипломатлар Хабаровскда талабалар билан учрашгани ҳақида хабар берди. Уларга кўра, ярадорларнинг аҳволи “барқарор” ва элчихона ходимларининг ўзлари вазиятни адолатли ҳал қилишга ҳаракат қилмоқда.
Талабаларнинг бир қисми Озодлик радиосига аноним равишда элчихона вакиллари билан учрашув олдидан “соқолсиз келинглар” деб сўралгани учун учрашувга бормаганликларини айтишди.
Комсомолск-на-Амур университетида тожикистонлик талабалар калтаклангани ҳақидаги хабар чоп этилгач, Россиянинг Тожикистондаги элчиси Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига таклиф қилинди. Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари ўз хавотирларини элчига етказганликларини ва воқеа текширилишини исташларини билдирди. Тожикистон Омбудсмани ҳам худди шундай илтимос билан Россия ҳукуматига мурожаат қилган.
Сўнгги пайтларда Россиянинг турли минтақаларида тожикистонлик муҳожирларнинг ҳибсга олиниши тез-тез учрамоқда. Айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу каби ҳаракатларни тожик муҳожирларига қарши режалаштирилган кампаниянинг бир қисми деб билади. Россия расмийлари муҳожирларга босим кучайгани сабабини тушунтирмаяпти.