Ссылки доступа

Хуршед Фозиловнинг адвокати биринчи инстанция судининг ҳукмини қайта кўриб чиқишни сўради


Маҳкум тожикистонлик журналист Хуршед Фозиловнинг ҳимояси Сўғд вилояти судидан Пенжикент шаҳар судининг ҳукмини қайта кўриб чиқишни сўрамоқда.

Журналистнинг адвокатларидан бири Анвар Бобохонов 31 май куни Озодлик радиосига берган интервьюсида ҳимоя томони биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози эканлигини ва журналистнинг иши вилоят суди томонидан адолатли кўриб чиқилишига умид қилишини айтди.

Хуршед Фозиловни икки адвокат – Дилафруз Самадова ва Анвар Бобохонов ҳимоя қилмоқда.

26 май куни Панжикент шаҳар суди журналист Хуршед Фозиловни Тожикистонда тақиқланган ташкилотлар билан ҳамкорликда айбдор деб топиб, 7 йилга озодликдан маҳрум қилди. Хуршед Фозилов устидан суд жараёни Хўжанд шаҳар тергов изоляторида бўлиб ўтди.

Қатор халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари суд ҳукмини қоралаб, Тожикистон расмийларини журналистни озод қилишга чақирган. 29 май куни Бельгиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилоти Хуршед Фозилов касбий фаолияти учун судланганини эълон қилди.

Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси Нуриддин Қаршибоев ҳам 31 май куни Озодлик радиосига берган интервьюсида суд ҳукмидан норозилигини билдирди.

«Шахсан мен Хуршед Фозиловнинг айбдорлигига қаттиқ шубҳа қиламан. Ҳибсга олинган пайтдан бошлаб расмийлар журналист нимада айблангани ҳақида хабар бериши ва айбловни судда исботлаши керак эди», - дейди ассоциация раҳбари.

37 ёшли Хуршед Фозилов 6 март куни Панжикент шаҳар меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги бошқармаси биносида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан қўлга олинган. У ҳибсга олинишидан олдин мустақил маҳаллий ва хорижий ОАВ билан ҳамкорлик қилган ва асосан Зарафшон водийси аҳолиси муаммолари ҳақида ёзган, кўпинча маҳаллий ҳокимиятни танқид қилган. У ижтимоий тармоқларда ҳам фаол эди.

Ўтган йил давомида Тожикистонда 8 журналист ва блогер турли муддатларга – 7 йилдан 21 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

XS
SM
MD
LG