Ссылки доступа

Тожикистонда мактаб директори жинсий зўравонликда гумонланиб ҳибсга олинди


Хатлоннинг Шамсиддин Шохин туманида умумий ўрта таълим мактаби директори икки нафар ўқувчи қизга нисбатан жинсий зўравонлик қилишда гумонланиб қўлга олинди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги исми сир қолишни сўраган манбанинг 4 июнь куни Озодлик радиосига айтишича, директор Г.Н. “ўқитувчининг ўқувчилар билан ножўя хатти-ҳаракати қилгани учун” ҳибсга олинган.

Унинг сўзларига кўра, ушбу мактабнинг 10 ва 11-синф ўқувчиларидан икки нафари мактаб директори устидан шикоят қилган.

Ҳозирча мактаб директорига нисбатан жиноий иш қўзғатилгани йўқ, бироқ Озодлик радиоси суҳбатдошига кўра, у ҳозирда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси туман бўлимида сақланмоқда.

Директорнинг яқинлари бу мавзуда изоҳ беришдан бош тортишди, бироқ унинг айбсизлигига ишонишларини ва тез орада унинг озодликка чиқишига умид қилишларини қўшимча қилишди.

Аввалроқ ОАВ ўқитувчиларнинг ўз ўқувчиларига шилқимлик қилгани ва жинсий зўрлашда гумонланиб ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди. Хусусан, икки йил аввал мактаб ўқитувчиси ўқувчини зўрлагани учун 17 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

2019 йилнинг кузида Хатлон вилояти Ёвон тумани суди Нурек шаҳридаги лицей ўқитувчисини 17,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. У 12 ёшли лицей ўқувчисига нисбатан жинсий зўрлашда айбдор деб топилди.

XS
SM
MD
LG