Ссылки доступа

Қозоғистон Бош прокуратураси: 39 нафар хавфсизлик ходими қийноқларга алоқадор


Қозоғистон Бош прокуратурасининг маълум қилишича, айни пайтда ҳуқуқ-тартибот идораларининг 39 нафар ходими «ноқонуний тергов усулларидан фойдаланганлик» учун жиноий жавобгарликка тортилмоқда.

Бошқарма матбуот хизматининг хабар беришича, уларнинг қилмишларидан 88 нафар қозоғистонлик жабрланган.

Прокуратура шунингдек, Жиноят-ижроия тизими қўмитасининг (ЖИТҚ) полиция бинолари ва муассасаларида 900 та ишламаётган видеокамералар аниқланганини маълум қилди. 5812 та участка ва бинолар умуман видеокузатув билан таъминланмаган.

Натижада 19 нафар ички ишлар, ЖИТҚ ва ИИВ марказий аппарати ҳудудий бошқармалари бошлиқлари интизомий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, “кўр нуқта”ларни бартараф этиш мақсадида 3783 та қўшимча видеокамералар ўрнатилди.

Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига ходимларни қийноқларга мойиллик борлигини текшириш тавсия этилди.

Жорий йилнинг февраль ойида Қозоғистон қамоқхоналар ва полиция идоралари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг барча тезкор ва тергов бўлинмаларида видеокузатув тизимларини жиҳозлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлади.

Қозоғистонда “Қийноқлар” моддаси бўйича жазо жабрланувчининг баданига оғир шикаст етказиш ёки эҳтиётсизликдан ўлимини назарда тутади, лекин маънавий азоб-уқубатларни, шахс шаъни ва қадр-қимматини камситишни ҳисобга олмайди. Қозоғистонда қийноқлар уч йилгача муайян лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан беш йилдан 12 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бироқ, Қозоғистонда қийноқ ҳолатлари жуда камдан-кам ҳолларда судларга етиб боради. Ҳуқуқ ҳимоячилари кўп йиллардан буён мамлакатда қийноқлар жазосиз қолаётганини таъкидлаб келади.

Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари бюросининг қайд этишича, 2009 йилдан бери Қозоғистондан БМТга кўплаб шикоятлар келиб тушган.

XS
SM
MD
LG