Ссылки доступа

Тожикистон ташқи ишлар вазири Лавровга Россиядаги муҳожирлар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш зарурлигини эслатди


Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин 6 июнь куни Душанбеда россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан учрашувда тожик муҳожирлари билан боғлиқ вазият масаласини кўтарди.

Сирожиддин Муҳриддиннинг учрашувдан сўнг журналистларга айтишича, учрашувда миграция соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Унинг сўзларига кўра, Тожикистон томони Россия давлат органлари томонидан миграция жараёнларини тартибга солиш бўйича амалга оширилаётган режали ва режадан ташқари чора-тадбирлар жараёнида Россияда бўлган Тожикистон фуқароларининг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш зарурлигини таъкидлаган.

“Суҳбат чоғида икки давлат ўртасидаги миграция соҳасидаги ҳамкорликни атрофлича муҳокама қилдик. Тожикистон томони Россия давлат органлари томонидан миграция жараёнларини тартибга солиш бўйича амалга оширилаётган режали ва режадан ташқари чора-тадбирлар жараёнида Россияда бўлган Тожикистон фуқароларининг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш зарурлигини қайд этди. Шу нуқтаи назардан, мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари орқали Россия томонига фуқароларимизга нисбатан бундай муносабат қонунийлиги ва мақбуллигини текшириш илтимоси билан расмий мурожаат юборилди”, — деди Тожикистон ТИВ раҳбари.

Сергей Лавров 5 июнь куни расмий ташриф билан Тожикистонга келди ва Душанбедаги 201-Россия ҳарбий базасига ташрифини бошлади ва у ерда ҳарбий хизматчиларни Украинадаги “махсус операция” ҳақида хабардор қилди. 6 июнь куни журналистлар иштирокидаги суҳбат чоғида у икки йил аввал муҳожирларга нисбатан кенг кўламли амнистия эълон қилинганини эслади.

Унинг сўзларига кўра, Россия мамлакат ҳудудида бўлиш тўғрисидаги қонунларни бузгани учун депортация қилинган бир неча минг Тожикистон фуқароларини “афв этган”.

Шу йилнинг май ойида Россия полицияси юзлаб тожик муҳожирларини ҳибсга олиб, калтаклаган, улардан юзга яқини депортация қилинган эди.

XS
SM
MD
LG