Ссылки доступа

“Ақллилар” миграцияси Тожикистон иқтисодиётига 80 миллиард долларга яқин зарар етказди


Тожикистон Республикаси Президентининг Тиббиёт университети ўқитувчилари ва талабалари билан учрашуви. 2018 йил.
Тожикистон Республикаси Президентининг Тиббиёт университети ўқитувчилари ва талабалари билан учрашуви. 2018 йил.

“Ақллилар” миграцияси Тожикистон иқтисодиётига қарийб 80 миллиард доллар зарар етказди, аммо мамлакат ҳукумати ушбу жараённи тўхтатиш учун ҳеч қандай чора кўрмаяпти. Айни пайтда, Россия юқори малакали мутахассисларни таклиф қилиб, уларга яхши шароитларни тақдим этмоқда.

Профессионал мутахассисларнинг мамлакатни тарк этиши орқали етказилган зарар миқдори ўтган ҳафта Душанбеда бўлиб ўтган “Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида кадрлар билан таъминлаш” давра суҳбатида маълум қилинди.

Тожикистон Республикаси Фанлар академияси Иқтисодиёт ва демография институти академиги Анвар Бобоевга кўра, БМТ ҳисоб-китоблари шуни кўрсатганки, бир мутахассиснинг кетиши давлатга 300 минг долларга тушган. Бундан келиб чиқадики, 266 минг ходимнинг мамлакатни тарк этишидан кўрилган зарар 79 миллиард 800 миллион долларни ташкил қилган.

Давра суҳбатида “Ақллилар” миграциясининг асосий улуши тиббиёт соҳасига тўғри келаётгани, ҳозирда ўн минглаб тожикистонлик шифокорлар Россияда ишлаётгани, улар нафақат иш ҳақи камлиги, балки бошқа ҳолатлар туфайли ҳам мамлакатни тарк этгани қайд этилди.

Тожикистонлик шифокорларнинг кетиш жараёни тобора кучайиб бормоқда, чунки уларнинг сўзларига кўра, ҳар йили уларнинг муаммолари тобора камайиб бормоқда.

Шифокорларнинг мамлакатдан кетиши Тожикистоннинг аксарият вилоятларида тиббиёт ходимлари етишмаётган бир пайтда юз бермоқда. 2020 йилда расмийлар мамлакатда 6 000 дан ортиқ шифокор ва ҳамширалар етишмаслиги ҳақида хабар берди. Мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон эса 2021 йил декабрь ойидаги Мурожаатномасида сўнгги 30 йил ичида 187 минг олий ва ўрта бўғиндаги тиббиёт ходимлари тайёрланганини таъкидлаган эди.

Душанбедаги давра суҳбати иштирокчилари ҳозирги вазиятни инқироз эмас, балки фалокат деб атади.

Улар таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш учун халқаро эксперт ва ҳамкорларни жалб қилган ҳолда зудлик билан ислоҳотларни амалга ошириш зарур, деб ҳисоблайдилар. Шунингдек, тиббиёт ва таълим соҳалари ходимларининг иш ҳақини тубдан ошириш, мутахассисларга имтиёзлар белгилаш таклифи билдирилди.

XS
SM
MD
LG