Ссылки доступа

Шавкат Мирзиёев 7-9 июнда Италияда бўлади


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Италия президенти Сержо Маттарелланинг таклифига биноан 7-9 июнь кунлари расмий ташриф билан Римда бўлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.

Олий даражадаги учрашувлар Рим шаҳрида бўлиб ўтади. Мирзиёев Италия президенти Сержо Маттарелла ва Бош вазир Жоржа Мелони билан музокаралар ўтказади.

Учрашувларда Ўзбекистон билан Италия ўртасидаги “кўп қиррали муносабатларни ва устувор йўналишлардаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади. Халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилади”.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев бош қароргоҳи Римда жойлашган БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Цюй Дунъюй билан учрашув ўтказади. Унда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Ташрифнинг ишбилармонлик дастури Милан шаҳрида бўлиб ўтади – Ўзбекистон президенти Ломбардия провинцияси губернаторини қабул қилади ҳамда Италиянинг етакчи компания ва ташкилотлари раҳбарлари билан учрашув ўтказади.

XS
SM
MD
LG