Ссылки доступа

Каховка ГЭСи тўғони ёрилиши оқибатида Украина 1,5 миллиард евро зарар кўрди


Каховка ГЭСи тўғони ёрлиши оқибатида шу кунгача кўрилган зарар миқдори 1,5 миллиард еврони ташкил қилди. Бу ҳақда Херсон вилоят ҳокими Александр Прокудин Олий Раданинг экология сиёсати ва атроф-муҳит ҳимоясига бағишланган кўчма йиғилишида маълум қилди.

Прокудинга кўра, ҳозирда 55 минг гектар ўрмон сув остида қолган. Яроқсиз аҳволга келган сув билан эса бутун дунё аҳолисини икки кун таъминлаш мумкин эди.

«Украина ҳукумати сув босган ҳудудларда сувнинг таркиби ва эпидемиологик вазиятни мунтазам мониторинг қилиб бормоқда. Ҳалокат зонасида қолаётган аҳолини эвакуация қилиш ва тоза ичимлик суви билан таъминлаш чора-тадбирлари кўрилаяпти. Шошилинч равишда янги артезиан қудуқлар қазилаяпти»,- деди Прокудин.

Унга кўра, сўнгги маълумотларда Херсонда сув тошқини оқибатида ўн киши ҳалок бўлгани қайд этилган. 20 киши яраланган, улардан 5 нафари полициячи, 2 нафари қутқарувчи. 35 киши бедарак йўқолган, улардан етти нафари балоғатга етмаган боладир. 50 та аҳоли пункти тўлиқ ёки қисман сув остида қолди.

Каховка ГЭС тўғони ўпирилиши олтинчи июнга ўтар кечаси юз берди. Тўғон Херсон шаҳридан юқорида – Новая Каховка посёлкасида жойлашган.

Украина, ЕИ ва Буюк Британия юз берган фожиа учун жавобгарликни Россия зиммасига юклади. Расмий Киев Днепр дарёсидаги тўғон “Украина ҚК қарши ҳужумини тўхтатиш илинжида ичдан портлатилган”, деб ҳисоблайди.

Россия эса айбловларни инкор этиб, Каховка ГЭС ўпирилишини “Украинанинг қасддан амалга оширган диверсияси” деб атамоқда.

XS
SM
MD
LG