Ссылки доступа

Молиявий пирамида иши бўйича айбланувчилар очлик эълон қилишди


“Молиявий пирамида яратиш”да айбланиб судланган 48 нафар шахс тергов изоляторида очлик эълон қилди. Бу ҳақда Озодликка маҳкумларнинг яқинлари маълум қилди.

Тергов изолятори маъмурияти маҳкумларнинг очлик эълон қилинганини тасдиқлади, бироқ аниқлик киритишича, 48 эмас, 33 нафар маҳкум ҳукмга рози бўлмагани учун норозилик билдирган. Тергов изоляторидаги "29 киши шифокорлар назоратида, тўрт нафари овқатлана бошлаган".

Айбланувчилардан бирининг қариндоши Маржан Бакасованинг айтишича, маҳбуслар биринчи инстанция судининг “ноҳақ қарори”га норозилик билдирмоқда. У, шунингдек, “ҳақиқий жиноятчилар хорижга қочиб кетаётгани” ва уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилмаганлигини ҳам айтди.

Тергов изолятори маъмуриятининг маълум қилишича, маҳкумлар вилоят прокуратураси ва жазони ижро этиш тизими бошқармасида қабул қилинган. Муассаса, шунингдек, маҳкумларнинг тергов изолятори маъмуриятига нисбатан “ҳеч қандай шикояти йўқлигини” даъво қилмоқда.

Аввалроқ Интернетда молиявий пирамида иши бўйича судланганларнинг яқинлари Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга йўллаган видеомурожаати тарқалган эди. Унда улар ўз яқинларининг ишларини кўриб чиқиш ва уларни қўйиб юборишни сўрашган. Ваколатли идоралар ҳозирча бунга жавоб келмади.

Йил бошида Оқтўбе суди молиявий пирамида иши бўйича олти кишини турли узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Улар юзлаб одамларнинг жами тўрт миллиард тенге пулларини ўғирлашда айбланган.

Ҳокимият ҳисоботларига кўра, ҳар йили омонатчилардан пул жалб қилиш билан боғлиқ молиявий жиноятлардан кўрилган зарар миллиардлаб тенгени ташкил қилади. Минглаб қозоғистонликлар молиявий пирамидаларда омонатларини йўқотмоқда. 2022 йилда Қозоғистон ҳукумати молиявий пирамидаларни яратиш учун жавобгарликни кучайтирувчи, шунингдек, уларнинг рекламаси учун жиноий жавобгарликни белгиловчи тузатишларни қабул қилди.

XS
SM
MD
LG