Ссылки доступа

HRW: Нашида тарқатгани учун қамалган талаба иши судда адолатли кўрилишини таъминлаш зарур


Ўзбекистон ҳукумати ижтимоий тармоқда тарқалган нашидани синфдошлари билан бўлишгани учун уч йилга қамалган Жаҳонгир Улуғмуродовнинг апелляция суди адолатли ўтишини таъминлаши лозим. Бу ҳақда 14 июнь куни Human Rights Watch баёнот тарқатди.

Халқаро ташкилот 20 ёшли талаба Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан очилган жиноят иши унинг диний ҳуқуқларини ва эътиқод эркинлигини бузмоқда, деб ҳисоблайди.

“Сўнгги пайтларда ҳукумат “экстремистик” деб ҳисоблайдиган контентларни тарқатиш айблови билан таъқиб қилинаётганлар сони кўпайиб бормоқда”, дейилади баёнотда.

Улуғмуродовга нисбатан апелляция суди Тошкентда 14 июнь куни ўтказилиши лозим эди. Ҳозирча мазкур суд жараёни ва суд қарори юзасидан маълумотлар мавжуд эмас.

Май ойида 21 ёшли талаба Жаҳонгир Улуғмуродов ўз синфдошлари билан Telegram’даги гуруҳ суҳбатида YouTube’даги нашидга линк юборгани учун уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Дин ишлари бўйича қўмита бу қўшиққа “ақидапарастлик ғоялари сингдирилган” деб ҳисоблади.

Human Rights Watch баёнотида қайд этилишича, ташкилот мазкур нашида матни билан танишиб чиққан ва унда “бевосита зўравонликка чақириқ аломатлари мавжуд эмас”, деган хулосага келган.

Ташкилот нуқтаи назарича, Тошкент вилоят ИИБ 10 майда Улуғмуродов интернет орқали «жиҳодга ва шаҳидликка чорловчи материалларни” тарқатгани тўғрисида маълумот берар экан, бу иддаони исботловчи ёки тасдиқловчи ҳеч қандай далилларни келтирмаган.

Human Rights Watch бу каби айбловлар билан Тошкент, Наманган ва Андижонда бир неча ёш йигит судланганига ҳам эътибор қаратган. Жумладан, 30 январда 21 ёшли Сардор Раҳмонқулов 3 йил олдин синфдошига юборган диний қўшиқ (нашид) учун 5 йилга қамалган, аппеляция суди эса унга белгиланган жазо муддатини шартли қамоқ жазоси билан алмаштирган эди.

22 майда эса Жиззахда 19 ёшли йигитга ҳудди шундай айблов билан уч йилга озодликни чеклаш жазоси берилган.

XS
SM
MD
LG