Ссылки доступа

Тожикистонда ИИВ ходими одам ўғирлашда гумон қилинмоқда


Исмоил Раҳмонов (чапда) ва Акмал Юсуфзода, коллаж
Исмоил Раҳмонов (чапда) ва Акмал Юсуфзода, коллаж

Тожикистон Бош прокуратураси мамлакат ИИВ Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи ёрдамчиси Акмал Юсуфзодани ҳибсга олди. Милиция полковниги одам ўғирлашда гумон қилинмоқда.

Тожикистон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги полковник Юсуфзоданинг ҳибсга олинишига изоҳ бермаяпти. Озодлик радиоси тожик хизмати манбаларининг иддао қилишича, Ички ишлар вазирлигининг Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ходими Тожикистон давлат савдо университети ўқитувчиси Исмоил Раҳмоновни ўғирлашда гумон қилинмоқда.

«12 июнь куни кеч тунда у Исмоил Раҳмоновни мажбуран машинага ўтқазиб, номаълум томонга олиб кетган. Университет ўқитувчисининг қаерда эканлиги, тирикми ёки йўқ номаълум”, — деди манбалардан бири.

Тергов органлари Исмоил Раҳмоновнинг ўлдирилиши ҳақидаги версияни истисно қилмаяпти. Бу ҳақда Озодлик радиосида аниқ маълумот йўқ.

Бир ҳафтадирки, Исмоил Раҳмоновнинг яқинлари уни турли жойлардан қидирмоқда. Маълумотни ошкор қилмаслик тўғрисидаги келишувга асосланиб улар журналистлар билан мулоқот қилишдан бош тортдилар.

Икки киши Исмоил Раҳмоновни судраб олиб кетилаётгани акс этган видеони Озодлик радиосига тақдим қилди. Кадрларга кўра, воқеа кечаси пойтахтнинг «1-Совет” микрорайонида содир бўлган. Озодлик радиоси суҳбатдошларининг хабар беришича, ўша мудҳиш кечада Исмоил Раҳмонов шу микрорайонда яшовчи опасиникига борган. Раҳмоновнинг опаси Озодлик радиоси мухбирлари билан гаплашишдан бош тортди.

“Акмал Юсуфзода сўроқ пайтида Исмоил Раҳмоновни Варзоб дарасига олиб бориб қўйиб юборганини айтди, аммо бунга ишониш қийин”, — деди 19 июнь куни тергов органларидаги манба.

Айни пайтда Исмоил Раҳмоновнинг жасадини яқинлари ва дўстлари Зарафшон дарёси қирғоғида қидираётгани маълум бўлди.

Бу оилаларга яқин манбаларнинг айтишича, Акмал Юсуфзода ва Исмоил Раҳмоновнинг турмуш ўртоғи Тожикистон давлат савдо университетида бирга ишлайди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, аёллар ўртасида можаро келиб чиққан, шу сабаб полковник Юсуфзода ТДСУ ўқитувчисини “дуэль”га чақирган. Тожикистон давлат савдо университети Исмоил Раҳмоновнинг рафиқаси менежмент, Акмал Юсуфзоданинг рафиқаси инглиз тилидан дарс беришини тасдиқлади.

ТДСУдаги суҳбатдошларимиздан бири Исмоил Раҳмонов номзодлик диссертациясини ҳимоя қилишга ҳозирлик кўраётганини айтди. “Диссертациянинг олдинги ҳимоясидан сўнг уни университетда бошқа ҳеч ким кўрмаган”, деб қўшимча қилди у.

Исмоил Раҳмонов Хатлон вилоятининг Жайҳун (собиқ Қумсанғир) туманида туғилган. 38 ёшли олим ТДСУ бошқарув кафедрасида ишлаган. Унинг тўрт нафар фарзанди бор.

XS
SM
MD
LG