Ссылки доступа

Қирғизистон ИИВ сўровига кўра Интерпол хорижда яшириниб юрган икки фуқарони қўлга олди


Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, Испания ва Россияда халқаро қидирувда бўлган икки эркак қўлга олинган.

Испания Интерполи Бишкек шаҳрининг Свердловск тумани ИИБ томонидан 2022 йилдан буён қидирувда бўлган 1988 йилда туғилган фуқаро И.А.ни Мадрид аэропортида ўта катта миқдордаги (140 минг доллар) фирибгарлик учун қўлга олган.

Қайд этилишича, у тадбиркорларга кейинчалик хорижга сотиш учун товарлар олиб келишни ваъда қилиб ғойиб бўлган.

“Маълумотларга кўра, у Туркияда бўлган ва экстрадиция бўйича келишув мавжуд бўлмаган мамлакатларда яширинишни мақсад қилган. Эркак Туркия – Мексиканинг Бенито Хуарес халқаро аэропорти йўналиши бўйича авиачипта бронь қилган, кейин АҚШга жўнаб кетишни режалаштирган. У Мадрид аэропортида трансфер пайтида қўлга олинган”, — дейилади вазирлик хабарида.

Россия Ички ишлар вазирлиги Интерпол миллий марказий бюроси билан ҳамкорликда олиб борилган тадбирлар натижасида Новосибирск аэропортида қидирувда бўлган иккинчи 1988 йилда туғилган шахс қўлга олинди. У Бишкекдаги банклардан бирида ишлаб, мижозидан катта миқдорда (900 минг сом) пул олиб, сўнг номаълум томонга ғойиб бўлган.

Айни пайтда Қирғизистоннинг ваколатли органлари ҳибсга олинганларни экстрадиция қилиш масаласи устида ишламоқда.

Турли жиноятларда гумон қилинаётган ва халқаро қидирувда бўлган Қирғизистон Республикаси фуқаролари ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, ҳозирда Россия қамоқхоналарида Қирғизистоннинг 1077 фуқароси жазони ўтамоқда. Уларнинг аксарияти гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ва тарқатишда айбланмоқда.

XS
SM
MD
LG