Ссылки доступа

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатилишига оид хабарларни рад этди


Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчиларининг Россия Федерациясига ёрдам бериш учун полигон ҳудудида шай бўлиб тургани, аммо вазият ўзгаргани учун Россияга бормай қолгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Бу ҳақда вазирликнинг ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти томонидан тарқатилган “расмий муносабат”ида қайд этилган.

“Тасвирланган видеода шу йилнинг март ойида Чирчиқ шаҳрида бўлиб ўтган Ватанпарварлик фестивалига жалб этилган техникалар акс этган”, дея билдирган Мудофаа вазирлиги Ўзбекистондаги нашрлар ва блогерларни нотўғри талқин билан маълумот тарқатишдан тийилишга чақирган.

Ўзбекистоннинг Мудофаа доктринасига мувофиқ, мамлакатнинг мудофаа сиёсати бошқа қатор тамойиллар билан бир қаторда “бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик”, “ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслик, ҳарбий-сиёсий блокка айлантирилганда ҳар қандай давлатлараро ташкилотдан чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолиш” каби тамойилларга асосланган.

Ўзбекистонлик ҳарбийлар Россия Федерациясига ёрдам учун йўлланиши мумкинлигига оид хабарлар Россияда “Вагнер” ХҲШ асосчиси Евгений Пригожин етакчилигида қуролли исён бошлангани манзарасида тарқалган эди. Қарийб бир сутка давом этган исён 24 июнь оқшомида поёнига етгани ҳақида аввал хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG