Ссылки доступа

Қозоғистонлик оғир атлетикачи ўлик ҳолда топилди


Оғир атлетика бўйича Қозоғистоннинг тўрт карра чемпиони, 2008 йили Пекинда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинлари иштирокчиси Владимир Седов ўзи яшаган Жетису вилояти Қоратол туманидаги Дўстик қишлоғидаги уйлардан бирида ўлик ҳолда топилди.

Бу ҳақда Жетису вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Қозоғистон оғир атлетика федерацияси 27 июнь куни 35 яшар Владимир Седов кечаси вафот этгани ҳақида хабар берди. Қозоғистон Маданият ва спорт вазирлиги оғир атлетикачи ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Полиция «унинг танасида зўравон ўлимнинг ташқи белгилари топилмаганини» айтди. Қариндошларининг кўрсатмаларига кўра, эркак ўз жонига қасд қилган. Вилоят ИИБ матбуот хизмати «Ўз жонига қасд қилишга ундаш» моддаси бўйича тергов бошланганини маълум қилади.

Владимир Седов Қозоғистонда хизмат кўрсатган халқаро тоифадаги спорт устаси. У 2009 йилда халқаро турнирлардаги муваффақиятли чиқишлари учун «Курмет» давлат ордени билан тақдирланган.

2016 йилда Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) 2008 йилги Пекин ўйинларида қатнашган бир неча қозоғистонлик спортчилар, жумладан Владимир Седовнинг такрорий синовларида тақиқланган станозолол препарати излари аниқлангани ҳақида хабар берган эди. Намуналар 2016 йилда ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланадиган дастур доирасида тақиқланган моддалардан фойдаланганликда гумон қилинган россиялик спортчилар билан жанжалдан кейин қайта текширилган.

2019 йилда IWF Владимир Седовнинг 2008-2016 йиллардаги чемпионлик унвонларини расман бекор қилди. 2018 йилда, тахминан икки йил давом этган терговни тугатгандан сўнг, Седов расман саккиз йиллик муддатга дисквалификация қилинди.

2021 йилда Владимир Седовнинг акаси Сергей Седов 25 ёшли оғир атлетикачи Алберт Линдернинг ўлими ва миллий терма жамоанинг собиқ спортчиларининг айбловлари ортидан кўп ўтмай Қозоғистон эркаклар терма жамоаси бош мураббийи лавозимидан четлаштирилди.

XS
SM
MD
LG