Ссылки доступа

Озарбайжон ва Арманистон тинчлик музокаралари фонида Тоғли Қорабоғда ўқ узди


Тоғли Қорабоғнинг Арманистон томонидан қўллаб-қувватланган де-факто расмийлари маълум қилишича, 28 июнь куни эрта тонгда Озарбайжон Қуролли кучлари бўлинмалари Мартуни ва Мартакертдаги арман позициялари томон артиллериядан ўққа тутган.

Ўққа тутилиши натижасида арман томондан тўрт нафар ҳарбий ҳалок бўлгани хабар қилинди.

Аввалроқ Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Агдам вилоятида жойлашган Озарбайжон позициялари ўққа тутилгани ва бир озарбайжон аскари яралангани ҳақида хабар тарқатган эди. Тоғли Қорабоғ расмийларининг Озарбайжон томони томонидан ўққа тутилиши натижасида уларнинг тўрт нафар аскарининг ҳалок бўлгани ҳақидаги баёнотларига изоҳ бермади.

Тоғли Қорабоғ можароси ҳудудида кескинлик Арманистон ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирлари ўртасида 27 июнь куни АҚШда бошланган тинчлик музокаралари фонида рўй бермоқда. Музокаралар уч кун давом этиши режалаштирилган, деди АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Метю Миллер.

Давлат департаменти матбуот котиби, «Биз тинчликка эришиш мумкинлигига ва тўғридан-тўғри мулоқот узоқ муддатли ва муносиб тинчликка эришиш учун муаммоларни ҳал қилишнинг калити эканлигига ишонишда давом этамиз», деди ва «жуда нозик дипломатик муҳокамалар» бўлишини қўшимча қилди.

Россия тинчликпарвар кучлари Қорабоғда жойлашган бўлиб, уларга ўт очишни тўхтатиш режимини кузатиш вазифаси юклатилган. 2020 йил ноябрь ойида Москва воситачилигида имзоланган ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги битим икки томондан минглаб одамлар, ҳам ҳарбий, ҳам тинч аҳолининг ҳаётига зомин бўлган олти ҳафталик қарама-қаршиликларга якун ясади.

Ереванда мухолифат норозилигига сабаб бўлган келишув Озарбайжон эришган ҳарбий муваффақиятларни тасдиқлади. Боку собиқ Тоғли Қорабоғ автоном вилояти ҳудудларининг бир қисмини, шунингдек, 1990 йиллар бошида арман қуролли гуруҳлари томонидан босиб олинган унинг атрофидаги ҳудудларни қайтариб олди.

Арманистон Россия тинчликпарвар кучлари Тоғли Қорабоғдаги арман аҳолисини ҳимоя қилиш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаётганини бир неча бор таъкидлаган. Тоғли Қорабоғ халқаро ҳуқуққа кўра, Озарбайжон ҳудудининг бир қисми ҳисобланади. Вилоят аҳолиси асосан этник арманлар.

Май ойида Арманистон бош вазири Никол Пашинян Ереван Тоғли Қорабоғни Озарбайжоннинг бир қисми сифатида тан олишга тайёрлигини, бироқ Боку бу ҳудудда яшовчи 100 мингга яқин этник арманлар хавфсизлигини таъминлаши кераклигини маълум қилган эди.

23 июнь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Озарбайжон томони Тоғли Қорабоғни Арманистон билан боғловчи ягона йўл бўлган Лочин коридорига киришни тўсиб қўйганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳаракатлар Арманистон ва Озарбайжоннинг тинчлик келишувига эришишга уринишлари пайтида кескинликнинг кучайишига олиб келади.

Июнь ойининг ўрталаридан бошлаб Лочин йўлаги яна тўсиб қўйилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Боку Лочин йўлаги тинч аҳоли ва гуманитар ёрдам карвонлари учун очиқ эканини таъкидлаб келади. Халқаро Қизил Хоч ташкилоти аввалроқ гуманитар ёрдам карвонларини тўсиб қўйиш Тоғли Қорабоғда озиқ-овқат ва дори-дармон тақчиллигига олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

XS
SM
MD
LG