Ссылки доступа

Иркутскда муштлашган Тожикистон ва Қирғизистонлик муҳожирлар ярашишди


23 июнь куни Иркутскда қирғизистонлик фуқаролар билан бўлган муштлашувда жароҳат олган тожикистонлик тўрт нафар меҳнат муҳожирининг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда.

Касалхонада муҳожирларни кўрган Иркутскдаги тожик жамияти раҳбари Алишер Ширинов Озодлик радиосига берган интервьюсида уларнинг қўл ва оёқларидан жароҳат олгани ва ўн кундан кейин қўйиб юборилишини айтди.

23 июнь куни Иркутск вилоятидаги Ковикта газ конденсати конида Тожикистон ва Қирғизистондан келган муҳожирлар ўртасида муштлашув бўлиб ўтди. Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 9 киши жароҳатланган: тўрт нафар тожикистонлик ва беш нафар қирғизистонлик, 30 дан ортиқ киши ҳибсга олинган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 500 дан ортиқ одам иштирок этган можаро ички келишмовчилик асосида содир бўлган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳаммаси кимдир ошхонага бориш учун навбатдан ўтиб кетмоқчи бўлганидан бошланган. База хабарига кўра, жанжал жойида ҳал бўлмаган, кейин Қирғизистон фуқаролари тожикистонликлар билан вагонларга ўтган.

Қирғизистон Республикасининг Россиядаги элчихонаси беш нафар қирғизистонлик жароҳат олгани, улар турли даражадаги тан жароҳатлари олгани, улардан бири касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берди.

Алишер Шириновнинг айтишича, Қурмон ҳайити байрами олдидан тожикистонликлар ва қирғизистонликлар ярашишган ва келажакда можаронинг такрорланишига йўл қўймасликка ваъда берган.

Иркутск вилоятидаги Ковикта газ конденсати конида 1000 дан ортиқ меҳнат муҳожири ишлайди, уларнинг аксарияти Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларидир.

Россия оммавий ахборот воситалари ҳуқуқ-тартибот идоралари воқеа юзасидан терговни давом эттираётганини хабар қилди.

XS
SM
MD
LG