Ссылки доступа

Қозоғистон: Костанайда маҳаллий аҳолини Украинадаги урушга ёллаш ҳаракатлари кузатилмоқда


Қозоғистон шиолий-ғарбида жойлашган Костанай вилоятида маҳаллий аҳолини Украина билан урушда иштирок этиш учун Россия ҳудудига жалб қилиш уринишлари қайд этилган. Бу ҳақда Костанай вилоят прокуратураси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Прокуратура вакиллари бундай хатти-ҳаракатлар мамлакат конституциясига ҳамда Қозоғистон томонидан имзоланган халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга зид келиши ҳақида огоҳлантиришган.

“Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий вазият беқарорлашишига йўл қўймаслик мақсадида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқдалардаги бу каби провокацион мулоҳаза ва даъватларга майл кўрсатмасликка чақирамиз”, дейилган хабарномада.

Вилоят прокуратураси Қозоғистон фуқароларини Россия билан Украина ўртасидаги урушда иштирок этишга чақириқлар ижтимоий тармоқларга тез-тез жойланаётганига эътибор қаратган. Бундай материаллар ичида Қозоғистоннинг ҳудудий яхлитлигига таҳдид солувчи чақириқлар ҳам бор.

“Орасида Қозоғистон фуқаролари ҳам бўлган айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари содир бўлган воқеаларга изоҳ бераркан, уларга мамлакатимиз ҳудудий яхлитлиги билан боғлиқ сепаратистик чақириқларни ҳам жойлаштирмоқдалар”, дейилган прокуратура хабарномасида.

Прокуратура ходимлари Қозоғистон фуқаросининг хорижий давлат ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда билиб турган ҳолда иштирок этиши ҳамда ижтимоий тармоқлар ёки ОАВда миллий низо қўзғатиш, Қозоғистон яхлитлигини бузишга қаратилган чақириқлар билан чиқиш қилиши унинг 10 йилгача озодликдан маҳрум этилишига сабаб бўлиши мумкинлигини эслатишган.

XS
SM
MD
LG