Ссылки доступа

Ўзбекистонликлар талабаларни Германияга “ишга йўллаган” ХБАнинг лицензияси бор-йўқлиги номаълумлигича қолмоқда


Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ишга жойлаштирилиши ваъдаси билан Германияга бориб, кўчада қолган 102 нафар ўзбекистонлик талаба вазияти юзасидан расмий муносабатини билдирди.

Бир неча ҳафтадан буён Германияда бўлиб юрган талабалар муаммоси ҳақида Озодлик 29 июнь куни мақола ёйинлаган эди.

Вазирлик баёнотига мувофиқ, Ўзбекистондаги Turon World Cooperation Xususiy Bandlik Agentligi МЧЖ вакиллари жорий йилнинг май-июнь ойларида Work and travel дастури орқали Германияга юздан зиёд талабани жўнатган, аммо у ерга етиб борган ўзбекистонликларни иш билан таъминлашда муаммолар юзага келган.

“Ҳозирги вақтда ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари бошланган, вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилинади ва натижаси ҳақида қўшимча маълумот берилади”, дейилган хабарномада Ўзбекистонда фуқароларни хорижга ишга жалб қилиш билан шуғулланиш лицензия талаб этадиган фаолият тури ҳисобланишини эслатилган, бироқ Turon World Cooperation ХБАнинг лицензияси бор-йўқлиги очиқланган эмас. Вазирлик баёнотида фақат Ўзбекистонда ишлаш учун рухсат олган Хусусий бандлик агентликлари реестрига ҳавола берилган, холос.

Вазирликнинг ХБАлар реестрида Turon World Cooperation Xususiy Bandlik Agentligi МЧЖ номи ҳам зикр этилган. Реестрга мувофиқ, мазкур ХБА 2020 йилнинг 25 ноябрида берилган 0076-рақамли лицензия асосида фаолият юритмоқда.

Ваҳоланки, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг 2022 йил 10 июнидаги хабарномасида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг тегишли қарори билан “Turon world cooperation ХБА фаолияти вақтинча тўхтатилгани” ҳақида маълум қилинган эди. Мазкур хусусий бандлик агентлигига ўз фаолиятини қайта тиклаш учун рухсат берилиб-берилмагани ҳақида бирор ерда расмий маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG