Ссылки доступа

Ўзбекистонда яна чанг бўрони кузатилмоқда


Ўзбекистоннинг жануби, Термиз шаҳрида, 3 июль куни метео шароитлар туфайли чанг бўрони бошланди, деб хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати агентлиги.

Атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги автоматлаштирилган стансияларининг маълумотларига кўра, ҳаводаги майда ПМ10 заррачаларининг миқдори 719 мкг/м3 ни ташкил этган, бу рухсат этилган максимал концентрациядан 1,5 баробар ошиб кетган. Шамол тезлиги — 11 м/с.

Эрталаб соат 05:00 да ПМ10 индекси 1600 мкг/м3 (меъёрдан 3,2 баробар юқори), 06:00 да — 2420 мкг/м3 (4,8 баробар), 07:00 да — 2820 мкг/м3 (5,6 баробар), 08:00 да — 4025 мкг/м3 (8 баробар), 09:00 да — 7363 мкг/м3 (14,7 баробар). Шамол тезлигининг пасайиши билан ҳавода чанг ғубор кузатилди.

Соат 10:00 да майда дисперсли заррачаларининг миқдори 6065 мкг/м3 гача камайди, бу рухсат этилган максимал концентрациядан 12 баробар кўтарилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда баҳор ва ёз ойларида кучли чанг-қум бўронлари кузатилмоқда. Экспертларга кўра, ҳаво ҳароратининг глобал исиши оқибатида Ўзбекистонда чўллашиш ва қурғоқчилик фавқулодда кучайган.

Энергетика вазирлигига кўра, июнь ойининг иккинчи ярмида бўлиб ўтган қум бўрони натижасида Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида қарийб 40 минг хонадон электр тармоғидан узилган.

Шундай паллада, мамлакатда яшил ҳудудларнинг йўқ қилиниб, дарахтларнинг кесилиши ва шаҳарларда бетон-асфальт қопланган майдонларнинг кўпайтирилиши аҳволни янада оғирлаштирмоқда.

XS
SM
MD
LG