Ссылки доступа

Қозоғистонда журналист Амангелди Ботирбеков “туҳмат”да айбланиб, 20 суткага ҳибсга олинди


Туркистон вилоятида чиқадиган “Сарягаш-информ” газетаси бош муҳаррири Амангелди Ботирбеков 20 кунга ҳибсга олинди.

3 июль куни Сариоғаш тумани ихтисослаштирилган маъмурий суди Ботирбековни “туҳмат”да айбдор деб топди. Журналист суд қарорига норозилик билдирди.

Туркистон вилоят суди матбуот хизмати хабарига кўра, парламент депутати Болатбек Нажметдинули Ботирбеков устидан судга мурожаат қилган. Бунга Ботирбековнинг Facebookда 10 март куни эълон қилинган "Бу коррупциями ёки нима?" деган ёзуви сабаб бўлган. Депутат судга йўллаган мурожаатида Ботирбековнинг “Болатбек Нажметдинули фирибгарлик факти бўйича қўзғатилган жиноят иши бўйича гумонланувчи деб топилди” деган сўзлари “туҳмат”, шаъни ва қадр-қимматига путур етказиш эканлигини таъкидлади.

Ботирбековнинг Озодликка айтишича, Нажметдинули 2020 йилда “фирибгарлик” иши бўйича гумонланган.

– Ушбу ҳужжатнинг иккинчи нусхаси Чимкент шаҳар Ҳуқуқий статистика ва махсус ҳисоб бошқармаси томонидан йўқ қилинган. Бу туҳмат эмас. Биз исботлай оламиз. Биз судда Нажметдинулага нисбатан “Туҳмат” моддаси бўйича иш қўзғатилганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхасини кўрсатдик. Суд ҳужжатга эмас, бошқармадан олинган маълумотномага асосланиб мени айбдор деб топди. Мен суд қарорига қўшилмайман, апелляция шикояти бераман”, — деди Ботирбеков.

Амангелди Ботирбеков Қозоғистон жанубидаги таниқли журналистлардан. У бир неча бор босимларга дуч келган, буни ўзи, тарафдорлари ва матбуот ҳимоячилари профессионал фаолияти билан боғлашади.

XS
SM
MD
LG