Ссылки доступа

Тоғли Бадахшонда Оға Хон лицейи ёпилди


Тожикистоннинг Хоруғида жойлашган Оғахон лицейи ёпилди. Эндиликда лицей иқтидорли болалар мактабига айлантирилади ва Тожикистон Таълим ва фан вазирлигига бўйсунади.

30 июнь куни Хоруғдаги Оға Хон лицейи ёпилиб, унинг барча ўқитувчилари ва ходимлари ишдан бўшатилди, дея хабар қилди Озодлик радиосининг тожик хизматига Тоғли Бадахшон мухтор вилояти таълим бошқармаси вакиллари.

Оға Хон лицейида ишлайдиган ўқитувчилардан бирининг маълум қилишича, лицейда 120 нафар ўқитувчи ишлаган ҳамда унинг қошида иккита болалар боғчаси ҳам бўлган. Айни пайтда ишдан олинган ходимлар ишсиз қолган.

Тожикистон Таълим ва фан вазирлиги Озодликка таълим муассасаларини ёпиш ёки трансформация қилиш Тожикистон президенти ҳузуридаги Таълим ва фанни назорат қилиш агентлиги ваколатига киришини маълум қилди. Бироқ, агентлик раҳбарлари билан боғланишга уринишлар бесамар кетди.

Хоруғдаги Оға Хон лицейи 1998 йилда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва шаҳзода Карим Оға Хон иштирокидаги маросимда очилган. Лицейда 1200 нафар ўқувчи таълим олди. Оға Хон лицейи ТБМВдаги ягона ўқув муассасаси бўлиб, унда ўқувчилар бир нечта тилларда эркин мулоқот қилишлари учун учта тильда — инглиз, тожик ва рус тилларида таълим олиб борилган.

Ижтимоий тармоқларда Оға Хон лицейининг собиқ битирувчилари флеш-моб ташкил этиб, ўқитувчилар ва таълим муассасаси раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Ўтган йили ТБМВ маъмурияти Оға Хон жамғармасига тегишли бўлган Хоруғ шаҳар боғини давлат мулкига ўтказди.

Озодлик радиоси манбаларининг хабар беришича, ТБМВ прокуратураси Хоруғ маҳалласи Бархоруғидаги Оға Хон жамғармаси тиббиёт марказини миллийлаштириш юзасидан судга даъво киритган.

XS
SM
MD
LG