Ссылки доступа

Назарбоев ўз номидаги мактаблар, университет ва жамғармалар олий кенгаши раҳбари мақомидан маҳрум этилди


Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев Назарбоев университети, Назарбоев интеллектуал мактаблари ва Назарбоев жамғармаси олий васийлик кенгаши раҳбари мақомини йўқотди.

Тегишли қоидалар пайшанба куни мамлакат парламенти томонидан қабул қилинган “Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига касбий малака, давлат мукофотлари, ижтимоий таъминот ва таълим масалалари бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунда келтирилган.

Ҳужжатга кўра, “Назарбоев университети”, “Назарбоев интеллектуал мактаблари” ва “Назарбоев жамғармаси” мақоми тўғрисидаги қонунга давлат раҳбарининг олий васийлик кенгашларини тузиш бўйича ваколатларини белгиловчи қисмига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Аввалроқ Назарбоев Элбаси (миллат етакчиси – таҳр.) мақомидан маҳрум қилинган эди – 15 февраль куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Биринчи Президент тўғрисида”ги Қозоғистон Республикасининг конституциявий қонунини тан олиш тўғрисида”ги конституциявий қонунни имзолади.

“Биринчи президент тўғрисида”ги қонунда собиқ президент Назарбоев ва унинг оила аъзолари учун қатор имтиёзлар белгиланди. Ҳужжатда, хусусан, биринчи президентнинг давлат раҳбари ваколатларини амалга оширишни тўхтатгандан кейин унинг сиёсий-ҳуқуқий мақоми, ваколатлари ва кафолатлари ҳамда бир қатор бошқа имтиёзлар белгилаб берилди.

2022 йил 5 июнь куни Қозоғистонда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича республика референдуми бўлиб ўтди. Конституциядан республиканинг биринчи президенти Назарбоевнинг роли ва имтиёзлари ҳақидаги қоидалар чиқариб ташланди. Хусусан, Қозоғистоннинг биринчи президентининг кетма-кет икки мартадан ортиқ давлат раҳбари лавозимига сайланиш ҳуқуқи тўғрисидаги қоида, биринчи президентнинг мақоми ва ваколатлари Конституцияда белгиланишини кўрсатувчи банд чиқариб ташланди.

XS
SM
MD
LG