Ссылки доступа

Аблязовга Францияни 30 кун ичида тарк этиш буюрилди


Францияда яшовчи қозоғистонлик мухолифатчи Мухтар Аблязов полиция ижроия органларидан 30 кун ичида мамлакатни тарк этиб, бошқа мамлакатга кетиш зарурлиги ҳақида кўрсатма келгани ҳақида маълум қилди.

Айни пайтда, Аблязовнинг айтишича, муддати белгиланган суд мажлислари туфайли унга Францияни тарк этиш тақиқланган.

Қозоқ мухолифатчисига кўра, полиция ўз талабномасида Франциядаги суд томонидан 2022 йилнинг декабрь ойида чиқарилган қарорга таянган. Ўшанда суд унинг Франциядан сиёсий бошпана ҳуқуқидан маҳрум этилиши қарорини бекор қилиш тўғрисидаги апелляция тартибида берилган аризасини рад этганди. Аблязов Франция суди қарорини сиёсий сабабга эга ва мисли кўрилмаган, деб атаган. Суд бу қарорни, Аблязов фикрича, “Қозоғистон томонидан бўлаётган доимий ва шиддатли босим” натижасида олган.

“Мендан 30 кун ичида Францияни тарк этишимни талаб қилишди, айни пайтда менда бошқа мамлакатга кета олишим учун паспорт ҳам, виза ҳам йўқ. Бу ҳақиқий фитнадир! Аммо ғарб тизими диктаторлик режимларидан фарқли ўлароқ суд орқали курашиш имконини беради. Ҳа, бу тизим ноқонуний қарорлар қабул қилиши мумкин. Бироқ... Бу қарорлар юзасидан бошқа инстанцияга мурожаат қилиш ва курашиш мумкин. Айнан шу нарса менинг узоқ йиллар мобайнида омон қолишим, курашишим ва ғалаба қилишимга имкон берди!” деган Мухтар Аблязов Facebook'да ўз саҳифасида орқали ёйинлаган видеомурожаатида. У полиция талабномаси юзасидан судга ариза беришини қўшимча қилган.

Шунингдек, Аблязов Қозоғистон унга қарши жиноят иши очилиши учун Франция прокуратурасига ариза берганини билдирган. Мухолифатчига кўра, яқин орада Францияда унга нисбатан суд тингловлари қайта бошланиши керак, бу эса унинг Франциядан чиқиши тақиқланишини англатади.

Аблязов ўзига қарши “ўта кучли жанг бошлатилгани”ни айтган. Мухолифатчи, унинг фикрича, “Украинага қарши урушда Путинга кўмаклашаётган” Қасим-Жомарт Тоқаев ва ёрдамчиларига қарши санкция киритилишига уринаётганини қўшимча қилган.

Қозоғистонлик мухолифатчи Мухтар Аблязов 1990-йилларда ҳукумат таркибида фаолият кўрсатган, энергетика, саноат ва савдо вазири бўлган. 2001 йилда у мухолифатдаги “Қозоғистон демократик танлови” ҳаракатининг асосчиларидан бири бўлган. Мазкур ҳаракат партия шаклида 2004 йил февралидан 2005 йил январигача фаолият юритганидан сўнг, иқтисодий суд қарори билан ёпилган. Партиянинг асосий постулати президент ваколатларини чеклаш ва парламентга кўпроқ ваколатлар берилиши бўлган.

2017 ва 2018 йилларда Қозоғистон суди мамлакатнинг амалдаги расмийларини муттасил танқид қилиб келган Мухтор Аблязовни сиртдан 20 йилга ва умрбод озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган. Қозоғистон расмийлари сиёсатчини миллиардлаб доллар маблағни ўғирлаганликда айблаб келишади. Қозоғистон суди уни 2004 йили ТуранАлем банки (кейинчалик номи БТА-банкка ўзгарган) раҳбари бўлмиш бизнес-ҳамкори Ержан Татишевнинг ўлдирилишини уюштирганликда айблаган. Бу айбловларнинг барчасини рад этган Аблязов буни мамлакатни 30 йил бошқарган собиқ президент Нурсултон Назарбоев ва у ўз ўрнига қўйиб кетган Қасим-Жомарт Тоқаевга мухолифатда бўлгани учун режимнинг ўчи, деб атаган.

XS
SM
MD
LG