Ссылки доступа

МСК: Қарийб 70 фоиз сайловчи овоз берди


Марказий сайлов комиссияси соат 17.00 ҳолатига кўра, Ўзбекистон президенти сайлови бўйича рўйхатга олинган сайловчиларнинг 69,85 фоизи овоз берганини хабар қилди. 19,27 миллион сайловчидан 13,459 миллиони овоз берган.

9 июль куни ўзбекистонликлар мамлакат тарихидаги илк муддатидан илгари президент сайловида овоз берди.

Сайловда тўрт номзод: Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Улуғбек Илясович Иноятов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан амалдаги президент Шавкат Миромонович Мирзиеев, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Робахон Анваровна Махмудова, Ўзбекистон Экологик партиясидан Абдушукур Худойқулович Хамзаев иштирок этди.

Сайловда мухолифатдан номзод йўқ, ўз номзодини қўйишга ҳаракат қилган Хидирназар Аллақуловнинг "Ҳақиқат ва бирдамлик социал демократик партияси" Адлия вазирлиги томонидан имзолар етишмаслиги важи билан рўйхатга олинмади.

Жиззах вилояти яна 75,5 фоиз овоз билан етакчи бўлди, Андижон вилояти иккинчи ўринга кўтарилди — 74,83 фоиз. Овоз берганларнинг энг кам фоизи ҳамон Тошкент шаҳрида — 63,35 фоиз. Пойтахтдагидан бироз кўпроқ натижа Хоразм вилоятида — 64,16%.

Жорий йилнинг 30 апрелида мухолифатсиз ўтган референдумда президент Мирзиёевга 2037 йилгача ёки 80 ёшгача ҳокимиятда қолиш имконини яратган янги таҳрирдаги конституция 90 фоиздан ортиқ овоз билан маъқулланганди. Унда президент муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилган.

Июль ойида 66 ёшни қаршилайдиган Шавкат Мирзиёев сўнгги бор 2021 йил октябрида 80 фоиздан кўпроқ овоз билан иккинчи 5 йиллик муддатга президент этиб сайланганди.

XS
SM
MD
LG