Ссылки доступа

Каспий денгизи соҳилида катта ёнғин: 690 гектар қамиш ёнмоқда (видео)


Атирауда Каспий денгизи қирғоғидаги қамишлар тўртинчи кундан бери ёнмоқда. 9 июль куни эрталаб Атирау вилояти Фавқулодда вазиятлар департаменти матбуот хизмати ёнғиннинг умумий майдони 690 гектарга етганини маълум қилди.

7 июлдан бери Атирауда кучли жазирама кузатилмоқда — ҳаво ҳарорати кун давомида 42 даражагача кўтарилади. Ёнғин Каспий денгизи соҳилида, Кенозек қишлоқ округидан 30 километр узоқликда 6 июлдан бери давом этмоқда. Оқибатда Алгабас, Ақсой, Оқжар қишлоқлари ва қисман Атирау вилоят маркази тутун билан қопланган.

Атирау вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати хабарига кўра, қамишдаги ёнғинни оддий техника воситалари ёрдамида ўчириш қийин, шу сабабли ўт ўчирувчилар вертолётдан фойдаланишга мажбур бўлган. МИ-8 шу кунгача алангани ўчириш учун 60 тоннага яқин сув сепган.

Расмийларнинг хабар беришича, ёнғин аҳоли пунктлари учун хавф туғдирмайди, бироқ одамлар ижтимоий тармоқларда “бош оғриғи ва қайт қилишдан” шикоят қилмоқда.

Атирау вилояти ҳудудида, Каспий денгизи қирғоғида, қамиш ўсимлиги ёнғинлари тез тез содир бўлиб туради. 2008 йилда нефтга ботган қамишлар ёниб, Атирау шаҳри бир неча кун тутун ичида қолган эди. Ўшанда Атирау вилояти атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси қамишларнинг алангаланишига Атирау нефтни қайта ишлаш заводидан ишлаб чиқариш чиқиндиларининг тўкилиши сабаб бўлган деган хулосага келди.

2017 йилда Атирау вилоятидаги “Оқ Жайиқ” давлат қўриқхонасида қамишзордаги ёнғин 10 гектар майдонни қамраб олган эди.

XS
SM
MD
LG