Ссылки доступа

Омонатчилардан қарзини узмаган “Тожпромбанк”ни тугатиш муддати тугамоқда


2017 йилда банкрот деб эълон қилинган “Тажпромбанк”ни тугатиш муддати бир ойдан камроқ вақт ичида тугайди. Аввалроқ суд бу муддатларни бир неча бор узайтириб, муваққат банк раҳбарларига омонатчиларнинг муаммоларини ҳал қилиш имкониятини берган эди.

Банк салкам 7 йил аввал банкрот деб эълон қилинган бўлсада, шу кунгача расмийлар ушбу банкни тугатиш тартиб-таомилини якунлагани йўқ. Жорий йилнинг 6 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда банкнинг махсус менежери мижозларга муваққат маъмурият банкни тугатиш муддатини узайтириш бўйича яна бир бор судга мурожаат қилишини ваъда қилган эди.

Банкнинг банкротлик жараёни тўлиқ якунланиши ва унинг тугатилиши ҳақидаги хабар “Тажпромбанк” мижозларида янада хавотир уйғотди. Улар банк охир-оқибат бутунлай ёпилса, ҳеч қачон омонатларини қайтариб ололмаслигидан қўрқишади.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозиргача банкнинг 200 дан ортиқ мижози умумий қиймати 34 миллион сомоний бўлган омонатларини қайтариб бера олмаган.

Банкнинг махсус менежери Фируз Шарифов мижозларга омонатларни қайтариш билан боғлиқ муаммони қуйидагича изоҳлайди: “Асосий муаммо шундаки, банк мижозлари банкдан олган кредитларини қайтармаяпти. Ўз вақтида “Тажпромбанк” жуда кўп кредитлар берган. Бундан ташқари, жуда катта кредитлар ҳали ҳам сўндирилмаган. Ва афсуски, уларни ҳеч ким қайтариш ниятида ҳам эмас. Шу сабабдан биз аҳоли омонатларини тўлиқ қайтара олмаяпмиз.

Унга кўра, мижозларнинг “Тажпромбанк” олдидаги кредитлари бўйича қарзи, берилган кредитлар бўйича фоизларни ҳисобга олмаганда, салкам 99 миллион сомонийни ташкил этади.

Мижозлар омонатларини “Тажпромбанк” активларини сотиш орқали қайтариш кераклигини айтади. Банк “Тажпромбанк” активларининг умумий қиймати 150 миллион сомоний эканлигини тасдиқлади, бироқ мижозларнинг пуллари қачон ва қандай қайтарилишини изоҳламади.

2016 йилда Тожикистонда банк инқирози юзага келган ва банклар омонатчиларнинг пулларини қайтаришда муаммоларга дуч келган. Ўша пайтда тўлов қобилияти билан боғлиқ муаммолар “Тажсаноатбанк”, “Фононбанк”, “Тожиксодиротбанк”, “Агроинвестбанк”да пайдо бўла бошлади. Расмийлар бу банкларни расман банкрот деб эълон қилди, бироқ бу банкларнинг юзлаб омонатчилари тақдири ноаниқлигича қолмоқда.

XS
SM
MD
LG