Ссылки доступа

Khaama Press: Толибон расмийлари Ўзбекистон чегарачилари билан музокара ўтказди


Толибон ҳукуматининг Чегара ва қабилалар ишлари бўйича вазирлиги делегацияси Ўзбекистонга борди ва ўзбек расмийлари билан чегарадаги хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди, деб хабар берди Khaama Press.

Хабарда айтилишича, музокаралар 8 июлда бўлиб ўтган. Бироқ Толибон вазирлиги делегацияси ва ўзбек расмийлари ўртасидаги учрашув қайси шаҳарда бўлиб ўтгани, унда ҳар икки томондан кимлар иштирок этгани тўғрисида маълумот берилмади.

Khaama Press хабарга илова қилган фотосуратда Толибон вакиллари икки давлат чегарасида эканини таҳмин қилиш мумкин бўлган кўприкда Ўзбекистон ҳарбий формасидаги олти нафар зобит билан бир стол атрофида ўтирганини кўриш мумкин.

Ўзбекистон томони бу борада ҳеч қандай расмий маълумот бермади ва бу хабарга ҳозирча муносабат билдирмади.

Хабарда айтилишича, Жаузжон вилояти Чегара ва қабила ишлари бошқармаси раиси Мавлавий Ғулом Наби Самим чегара ҳудудида яшовчи афғонлар дуч келаётган муаммолар ҳақида гапирган. Лекин бу муаммолар нималардан иборат экани айтилмаган.

«Толибон ҳукумати вакиллари ўзбек ҳамкасбларига исёнчи гуруҳларга афғон ерларидан Ўзбекистонга қарши фойдаланишига йўл қўймасликка ваъда берди», - дейилади хабарда.

Толибон тарқатган баёнотда “исёнчи гуруҳлар” деганда кимлар назарда тутилаётгани очиқланмаган.

"Бироқ сўнгги икки йилда Ўзбекистон ҳудудидага Афғонистондан бир нечта ракета отилган. Бу терактлар учун масъулиятни “Ислом давлати” гуруҳи ўз зиммасига олган. ШҲТ бир неча маротаба “Ислом давлати” Афғонистоннинг шимолий чегараларига жамлангани ва бу Марказий Осиё хавфсизлигига жиддий таҳдид эканидан огоҳлантирган. Аммо Афғонистон ҳукумати бу маълумотларни инкор қилиб, уларни Афғонистоннинг қўшнилар билан муносабатларини совуқлаштиришга қаратилган асоссиз иддаолар деб атаган”, дейилади хабарда.

Озодлик радиоси 2022 йилнинг баҳорида Афғонистондан туриб Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудуди камида тўрт марта ўққа тутилгани тўғрисида хабар берган эди.

2022 йил 17 июлда ижтимоий тармоқларда “Афғонистондан Ўзбекистон томонга баравар ўт очиш реактив тизимидан 8 снаряд учирилган”ига оид хабарлар тарқалган.

Орадан кўп ўтмай Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Афғонистондан Ўзбекистон ҳудудига учинчи марта ракета ҳужуми уюштирилганини рад этди. Вазирлик иддаосича, ижтимоий тармоқларда бу ҳақда тарқатилаётган хабарлар "ёлғон бўлиб, мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди".

2022 йил 7 май куни афғон нашрлари жангарилар Афғонистондан туриб Тожикистонга 7 та ракета отгани тўғрисида хабар берган. Душанбе “снарядлар тасодифан Тожикистон ҳудудига келиб тушгани”ни, бу воқеадан сўнг “чегара кучлари жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирилгани”ни билдирган.

2022 йил 5 июль куни Термиз шаҳрига Афғонистон ҳудудидан 5 та снаряд учиб келгани ҳақида хабар қилинган.

Шунингдек, апрель ойида қатор расмий сайтларда ва ижтимоий тармоқларда Афғонистон томонидан Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий бўлинмаларига ўнта ракета отилганига оид хабарлар пайдо бўлган.

Ўзбекистон 2021 йилнинг 15 августида Кобулни эгаллаб, ҳокимиятни босиб олган Толибон ҳукумати билан ҳамкорлик қилиб келаётган жаҳондаги бармоқ билан санарли давлатлардан биридир. Толибон ҳукумати шу кунгача халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган эмас.

XS
SM
MD
LG