Ссылки доступа

CPJ Остонани «туҳмат учун» 20 кунга ҳибсга олинган журналист Амангелди Ботирбековни озод қилишга чақирди


Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists) халқаро ноҳукумат ташкилоти Қозоғистон ҳукуматини ««Сарыагаш-информ» газетаси муҳаррири Амангелди Ботирбековни зудлик билан озод қилишга чақиради.

Ташкилотнинг кеча, 10 июль куни эълон қилган баёнотида ҳуқуқ ҳимоячилари яқин тарихда бир неча бор “туҳмат” айблови билан жиноий жавобгарликка тортилгани ва ўтган йил бошида суиқасддан омон қолган журналистга нисбатан 20 суткалик маъмурий қамоқ жазоси қўлланилишини “ўта хавотирли” деб атади.

Ўтган ҳафта Қозоғистонинг Туркистон вилояти суди Амангелди Ботирбековни туҳматда айбланиб, 20 суткага ҳибсга олди. Айбловга унинг ижтимоий тармоқдаги “Cыбайластық па не бұл?» (“Бу коррупциями ёки нима?» — таҳр.) деган пости сабаб бўлган.

Журналист, хусусан, Нажметдинулининг 2019 йилда “фирибгарлик” иши бўйича гумондор бўлганини, кейинчалик бу иш “сирли тарзда” тугатилганини ёзган.

Ишни кўрган судья Берик Каипов журналист “маълумотларнинг тўғрилигини текширмагани ва ёлғон маълумот тарқатганини” айтди. Унинг таъкидлашича, Ботирбековга нисбатан жарима қўллаш учун ҳеч қандай асос йўқ, чунки бу шунчаки маъмурий чора ва жазо “етарсиз”.

Ўз навбатида Амангелди Ботирбеков суд қароридан норози. Матбуотни ҳимоя қилувчи “Одил сўз” ташкилоти журналистнинг қарори расман тасдиқланмагани учун суд журналистни ноқонуний жавобгарликка тортганини маълум қилди.

Ўтган йилнинг 4 январь куни Амангелди Ботирбеков Сариоғаш шаҳридаги уйи ёнида отиб кетилган эди. Ўқ унинг ўғли Динмуҳамедга тегди – у яраланиб, шифохонада даволанди. Ноябрь ойида Туркистон вилоят суди собиқ амалдор Бауйржан Майриховни “қотилликка буюртма бериш”да айбдор деб топиб, 11 йилу 3 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти томонидан ҳар йили тузиладиган Матбуот эркинлиги индексида бу йил Қозоғистон 134-ўринни эгаллади. Ташкилот ўз ҳисоботларида Қозоғистонда “ахборот олиш имконияти чеклангани”, “ҳукумат ахборот маконини назорат қилишга интилаётгани”, журналистлар эса “цензура”га дуч келаётганини қайд этади.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, шунингдек, Қозоғистон ҳукуматини туҳмат бўйича қонунларга ўзгартиришлар киритишини ҳамда ОАВ ходимларининг эрки чекланишидан қўрқмасдан ўз касбий вазифаларини бажаришини таъминлашга чақирди.

XS
SM
MD
LG