Ссылки доступа

БМТ Швецияда Қуръоннинг ёқилиши қораланган резолюцияни қабул қилди


БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши 12 июлда диний нафрат тўғрисидаги баҳсли резолюцияни қабул қилди. Кенгашнинг шошилинч йиғилиши Швецияда Қуръон ёқилиши ортидан Покистоннинг талаби билан ўтказилди.

Йиғилишда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Волкер Турк жаҳон аҳолисини диний нафратга сабаб бўлувчи ҳаракатлардан тийилишга ва сабрли бўлишга чақирди.

Қабул қилинган резолюцияда “Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш диний нафратни пропаганда қилиш ва намойш этишни, жумладан, Муқаддас Қуръонга нисбатан намойишкорона шаккоклик қилинишини кескин тарзда қоралайди ҳамда айбдорларни қонуний асосларда жавобгарликка тортиш зарур эканини қайд этади”, деб билдирилади.

Ҳужжатни 28 давлат қўллади, 12 давлат, жумладан, АҚШ ва Британия қарши овоз берди. Қарши давлатлар фикрича, резолюция инсон ҳуқуқлари ва фикр эркинлиги тамойилларига зид келади.

Мусулмонлар Қурбон ҳайитини нишонлаётган 28 июнда 37 ёшли ироқлик қочқин Салван Момика Стокҳольмдаги масжид олдида Қуръон китобини тепкилаб, ёқиб юборган эди. Бу ҳаракат видеоси интернетда тарқалиб кетган. Полиция воқеа жойида жамоат тартибини назорат қилиб турган. Швециядаги мусулмонлар жамоаси бўлиб ўтган воқеадан афсусда эканликларини билдирган.

Саудия Арабистони, Ироқ, Эрон, Марокаш ва бошқа мусулмон давлатлари бу ҳодисани қоралади. Покистонда мусулмонлар 7 июлда жума намозидан сўнг норозилик намойишлари ўтказди.

XS
SM
MD
LG