Ссылки доступа

Жаҳонда сўнгги бир йилда очлар сони 4 миллионга камайди


Жаҳонда сўнгги етти йил ичида илк бор оч қолаётганлар сони аввалги йилга нисбатан кўпаймади.

Бу ҳақда БМТнинг “Жаҳондаги озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш даражаси” ҳисоботида қайд этилди. Ҳисоботда айтилишича, 2022 йилда 735 миллионга яқин киши очлик шароитида яшаган, бу эса 2021 йилдаги кўрсаткичдан 4 миллионга оздир.

Шу билан бир қаторда, Африка, Ғарбий Осиё ва Кариб бассейнида очликда яшаётганлар сони кўпайган.

2022 йилда дунё аҳолисининг 30 фоизи мунтазам равишда озиқ-овқат таъминотидан маҳрум бўлган. БМТ мутахассислари жараён шу тарзда ривожланадиган бўлса 2030 йилгача очликни бартараф этиш мақсади амалга ошмай қолиши мумкинлигини билдирмоқда.

Очлар сони бўйича Африка давлатлари етакчилик қилмоқда. Бу ерда ҳар беш кишидан бири очликда яшайди. Бу эса жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баробарга кўпдир.

2022 йилда жаҳонда 5 ёшгача бўлган 148 миллион бола тўйиб овқатланмаслик оқибатида тўлақонли ривожланишдан ортда қолган. Шу билан бир қаторда 37 миллион бола семизликдан азоб чекади.

XS
SM
MD
LG