Ссылки доступа

Ар-Риёд ва Анкара украин болларни Россиядан олиб чиқиш юзасидан музокаралар ўтказмоқда


Саудия Арабистони ва Туркия Украинадан Россияга мажбурий равишда олиб чиқиб кетилган болаларни ватанига қайтариш юзасидан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Financial Times ўз манбаларига таянган ҳолда хабар берди. Нашрнинг ёзишича, музокаралар бир неча ойдан бери ўтказилмоқда.

Саудия Арабистони ва Туркия Украинага ҳам, Россияга ҳам мақбул бўлган муроса йўлларини изламоқда. Ар-Риёд ва Анкара уларнинг воситачилиги охир оқибат урушни тўхтатиш учун томонлар ўртасида тинчлик музокаралари бошланишига омил яратишидан умидвор.

Financial Times манбалари бу музокараларда Москванинг расмий вакили сифатида миллиардер Роман Абрамович иштирок этаётганини билдирган. Россия ва Украина ҳукумати вакиллари бу музокарларда бевосита иштирок этмаяпти.

Украинанинг билдиришича, Россия босиб олинган ҳудудлардан 20 мингга яқин болани мажбуран олиб чиқиб кетган. Йель университети гуманитар лабараторияси ҳисоботида эса уруш давомида Россияга 6 минг украин боласи кўчирилгани қайд этилади. Москва эса бундан ҳам озроқ рақамларни келтирмоқда.

Financial Times манбалари Россияга кўчирилган украин болалари мажбурий равишда “ватанпарварлик синфлари”да ўқитилаётганини айтмоқдалар. Бу синфларда Москва пропагандаси олиб борилмоқда ва “нацизмга қарши уруш” олиб борилаётгани уқтирилмоқда. Украина бу ҳолатни геноцид формаларидан бири сифатида баҳолаган. Россия эса бу айбловни инкор этмоқда.

Март ойида Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди Россия президенти Владимир Путинни ҳамда Россиянинг болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган эди. Бу иккиси ҳарбий жиноятларда, аниқроғи, Украинанинг оккупация қилинган ҳудудларидан аҳолини, хусусан, болаларни мажбурий депортация қилиш ва кўчиришда гумонланмоқда. Халқаро ҳуқуқ ушбу жиноятларни геноцид деб баҳолаши мумкин.

XS
SM
MD
LG