Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, 19 июль - ислом оламида бошланган ҳижрий 1445 йил муҳаррам ойининг биринчи кунида давлат раҳбари эҳромга кириб, умра амалларини бажарди. Каъбатуллоҳнинг ичида намоз ўқиш шарафига муяссар бўлди.
"Шавкат Мирзиёев динимиз арконларига мувофиқ Байтуллоҳ атрофида етти бор тавоф, Сафо ва Марва тепаликлари орасида еттита саъй қилди. Ватанимиз равнақи, эл-юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги, барча юртдошларимиз, ёш авлодимиз бахту иқболи ва ёрқин келажагини тилаб дуолар қилинди", деб хабар берди президент матбуот хизмати.
Таъкидланишича, айнан шу куни Каъбанинг кисвасини алмаштириш маросими бўлиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Мирзиёев 2022 йилнинг август ойида Саудия Арабистонига ташрифи доирасида Макка шаҳрида бўлиб, Умра амалларини адо этган эди.