Мулозим тизимли коррупция фактлари бўйича суд санкцияси билан ҳибсга олинди, деб хабар бермоқда Коррупцияга қарши кураш агентлиги.
Тергов жараёнида «бошқа мансабдор шахслар»нинг иштироки ҳам текширилмоқда. Бошқарма «тергов манфаати» сабаб бошқа тафсилотларни келтирмади.
Расмий баёнотда гумонланувчининг исми айтилмаган. Маҳаллий ахборот сайтлари Олмаота шаҳар архитектура ва шаҳарсозлик бошқармасида 20 йилга яқин ишлаган Алмасхон Аҳмеджоновнинг ҳибсга олингани ҳақида ёзмоқда.
Тергов маълумотларига кўра, 2020–2023 йилларда “якка тартибдаги қурилиш ташкилотлари манфаатларини кўзлаб”, бинолар зичлигини ҳисобга олмаган ҳолда, у якка тартибдаги уй-жой қуриш учун мўлжалланган ер участкаларида учта кўп хонадонли турар-жой мажмуасини қуришга ноқонуний келишиб олган.
“Ер участкаларининг тўланмаган кадастр қиймати кўринишида” давлатга етказилган зарар 307 миллион тенгедан (жорий курс бўйича 690 минг доллар) кўпроққа баҳоланмоқда.
Аҳмеджонов 2020 йилда “тиббиёт маркази ва давлат хизматлари маркази қурилишини (инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ниқоби остида) қонунга хилоф равишда мувофиқлаштириб”, исм-шарифлари кўрсатилмаган манфаатдор шахслар томонидан ер участкаларининг кейинчалик асоссиз равишда арзонлаштирилган ҳолда хусусий мулкка берилишига ҳисса қўшган. Зарар 180 миллион тенгега баҳоланмоқда.
Алмасхон Аҳмеджонов 2018 йил декабрь ойида Олмаота шаҳар архитектура ва шаҳарсозлик бошқармаси (кейинчалик шаҳарсозлик бошқармаси деб ўзгартирилди) бошлиғи лавозимини эгаллаган эди. Ҳокимлик матбуот хизмати хабарига кўра, у жорий йилнинг 31 майига қадар бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаган.
2 июль куни шаҳарсозлик бошқармаси сайтида Нурлан Буранбоев бошқарма бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани ҳақида хабар пайдо бўлди. Хабарда Алмасхон Аҳмеджоновнинг исми тилга олинмаган. Май ойида интернетда Алмасхон Аҳмеджонов истеъфога чиққани ҳақида хабарлар пайдо бўлган, унинг ўзи буни рад этиб, соғлиғи сабабли таътилга чиққанини айтган.