Ссылки доступа

Бердимуҳамедовлар Шавкат Мирзиёвни туғилган куни билан биринчи бўлиб табриклади


Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов 24 июль куни бўлиб ўтган телефон мулоқотида президенти Шавкат Мирзиёевни туғилган куни билан табриклади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.

“Суҳбат аввалида Туркманистон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий қутлаб, қардош Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади”, дейилади хабарда.

Орадан бир оз ўтгач, президент Сардор Бердимуҳамедов ҳам телефон орқали мулоқот қилгани ва ўзбек президентини табриклагани билдирилди.

Президент расмий сайтида, Тошкент вақти билан соат 12:00 ҳолатига кўра, ҳозирча фақат Бердимуҳамедовлар Мирзиёевни табриклагани тўғрисида маълумот берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев 24 июль куни 66 ёшни қаршиламоқда. Мирзиёев 1957 йил 24 июль куни Жиззах вилоятининг Зомин туманида туғилган. Икки қизи, бир ўғли ва 6 нафар набираси бор.

Шавкат Мирзиёев июль куни бўлиб ўтган президент сайловида 87,05 фоиз овоз билан ғалаба қозонгани эълон қилинган эди.

Мазкур сайлов Ўзбекистонда президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтирган янги таҳрирдаги Конституция бўйича референдумдан 70 кун ўтиб ўтказилди. Конституцияга киритилган ўзгартишлар ва якшанба куни бўлиб ўтган сайлов Мирзиёевнинг 2037 йилгача давлат раҳбари лавозимида қолишига йўл очди.

Президент сайловида кузатувчилик қилган ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси вакилларига кўра, “9 июль куни муддатидан илгари ўтказилган президент сайлови техник жиҳатдан яхши тайёрланган, аммо унда чинакам рақобат бўлмаган”.

XS
SM
MD
LG