Ссылки доступа

Қирғизистон президенти энергетика соҳасида жорий этилган фавқулодда ҳолатнинг моҳиятини тушунтирди


Президент Садир Жапаров “Кабар” давлат ахборот агентлигига берган навбатдаги интервьюсида энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат жорий этиш ҳақидаги фармонига изоҳ берди.

Унинг сўзларига кўра, аслида энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат йўқ, фармон фақат тегишли вазирнинг соҳага оид қарорлар қабул қилишдаги ваколатларини кенгайтирди. Хусусан, энергетика вазири ўз ваколатлари доирасидаги барча масалалар сув, энергетика, гидроэнергетика ва бошқаларни мувофиқлаштиради.

“Энергетика вазири ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари, тармоқ вазирликлари раҳбарларининг ўринбосарларига топшириқлар бериши мумкин. Биз энергетика соҳасидаги барча масалаларни мувофиқлаштириш учун шароит яратмоқдамиз. Муаммоларнинг тезкор ҳал этилишини таъминлаш учун ваколатлар берилади”, — дея тушунтирди Садир Жапаров.

Энергетика соҳасида 1 августдан фавқулодда ҳолат жорий этилди.

20 июль куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида энергетика вазири Таалайбек Ибраев фавқулодда ҳолат жорий этилмаса, электр энергияси тақчиллиги янада кучайишини айтди.

Сўнгги йилларда Қирғизистон Республикасида ҳар йили тахминан 14-15 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Аммо деярли ҳар йили истеъмол бу ҳажмдан ошади. Натижада мамлакат ҳукумати электр энергияси тақчиллигини импорт ҳисобига қоплайди. Масалан, 2021 йилда Қирғизистонда 15,1 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, ўшанда истеъмол 16,3 миллиард кВт/соатни ташкил қилган. 2022 йилда эса атиги 13,85 миллиард киловатт/соат ишлаб чиқарилган, 15,9 миллиард киловатт/соат истеъмол қилинган.

2023 йилда мамлакатга 17 миллиард кВт/соат керак бўлиши башорат қилинган эди, бироқ Тўқтўғул сув омборидаги намликнинг пастлиги режалаштирилган миқдорда электр энергияси ишлаб чиқаришга имкон бермаслиги мумкин.

XS
SM
MD
LG