Бу қарор турк компаниясидан иккита самолётни ижарага олиш шартномаси асосида қабул қилинган. Бу ҳақда ўтган ҳафта охирида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди. Авиакомпания раҳбарияти икки ойдан кейин парвозлар бошланишини айтди.
“Tajik Air” бош директори Парвиз Шодмонзода журналистлар иштирокида Туркиянинг Southwind компанияси билан иккита Аирбус самолёти ижараси бўйича шартнома имзолаганликларини маълум қилди. “Ҳозирда бу икки самолёт Душанбега жўнатишга тайёр”, — деди у.
“Tajik Air” миллий авиаташувчиси анчадан бери жиддий молиявий муаммоларга дуч келган. 2018 йилда Вилнюс арбитраж суди авиакомпанияни литвалик ҳамкори Skyroad Leasing га 23 миллион доллар тўлашга мажбур қилган.
Миллий авиаташувчини қутқариш бўйича кузатув кенгаши тузилиб, фаолиятини қайта тиклаш бўйича давлат дастурлари қабул қилинганига қарамай, компаниянинг аҳволи яхшиланмади.
“Tajik Air” авиакомпанияси самолётларининг бир қисми хорижий аэропортлардаги қарзлари учун ҳибсга олинди. Корхона ходимларининг аксарияти ҳақ тўланмайдиган таътилда.
Бироқ “Tajik Air” ширкат қарзлари билан боғлиқ муаммо ҳал этилишини ва “бу қарзлар авиакомпания фаолиятини қайта тиклашга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслигини” маълум қилди. Шу тариқа, Шодмонзода Литва компанияси билан келишмовчилик охир-оқибат ҳал этилмаганини айтди: “Биз яна судга мурожаат қилдик. Янги суд жараёни бўлади, балки суд бизнинг фойдамизга қарор қилар”.