Ссылки доступа

Ўзбекистонга пул жўнатмалари олти ойда 21,5 фоизга озайди


2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонга хориж давлатларидан 5, 2 миллиард доллар пул ўтказилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21, 5 фоизга оздир. Бу ҳақда 27 июль куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуротов маълум қилган.

Нурмуротовга кўра, январь-апрель ойларида пул жўнатмаларининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21 фоиз (3,1 миллиард доллар)га кўпайгани кузатилган. Бу пулларнинг 87 фоизи Россиядан жўнатилган.

Иккинчи чоракда эса пул жўнатмалари миқдори ўтган йилнинг мос даврига солиштирганда, икки баробарга озайган ва 2,85 миллиард долларни ташкил қилган. 2022 йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистонга 5,06 миллиард доллар пул жўнатилганди.

Россия Ўзбекистонга пул жўнатмалари бўйича етакчи давлат бўлиб қолмоқда. Биринчи ярим йилликда Ўзбекистонга пул жўнатмаларининг 80 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келган.

Марказий банк жорий йилда Ўзбекистонга хориждан жами 11-11,5 миллиард доллар атрофида пул юборилишини тахмин қилмоқда. Бу 2022 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 32-35 фоизга оздир. 2022 йилда хориждан Ўзбекистонга 16,9 миллиард доллар пул жўнатилган эди.

XS
SM
MD
LG