Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 2 август куни Тошкент вилоятида ўтказилган камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали солиқ базасини кенгайтириш бўйича видеоселектор йиғилишида эълон қилган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда Тошкент вилояти ҳокимининг саноат ва инвестицияларга масъул ўринбосари Н. Шарипов, қурилишга масъул ўринбосари Ш. Маҳмудовга ҳайфсан эълон қилишга кўрсатма берган.
Видеоселекторда солиқ тизимидаги ҳолат ҳам кескин танқид қилинган. Фаолияти қониқарсиз деб топилган Қўнғирот, Тахтакўпир, Улуғнор, Олот, Пахтакор, Наманган, Мингбулоқ, Чуст, Косон, Муборак, Деҳқонобод, Ургут, Каттақўрғон, Нуробод, Музработ, Хива, Хонқа, Китоб туманлари ҳамда Бухоро, Когон, Самарқанд, Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Нурафшон, Урганч шаҳарлари - жами 26 та солиқ идоралари раҳбарлари ишдан бўшатилган.
Шу билан бирга, бюджет тушумларини таъминлаш ва тадбиркорлар фаолиятини текширишда йўл қўйган камчиликлари учун Андижон ва Сирдарё вилоятлари солиқ бошлиқлари ҳамда Солиқ қўмитасининг йирик солиқ тўловчилар билан ишлаш инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчисини лавозимидан озод қилинган, иқтисодиёт ва молия вазирининг солиққа масъул ўринбосари Д. Султонов, Солиқ қўмитаси раиси ўринбосарлари М. Мирзаев, Ж. Абдиев, С. Эшматов, М. Маҳкамов ҳамда Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғига ҳайфсан эълон қилишга кўрсатма берилган.
Йиғилишда жойларда камбағаллик даражаси юқорилигича қолаётгани қайд этилиб, Бекобод, Бўка, Қўшкўпир, Шаҳрихон, Қонликўл, Тахтакўпир, Чимбой, Мирзаобод, Боғот, Улуғнор, Хўжайли, Шуманай, Мирзачўл, Дўстлик, Тўрақўрғон туманлари ва Наманган шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари лавозимидан озод этилган.
Видеоселекторда муаммоли кредитлар масаласи ҳам танқидий таҳлил қилиниб, Фарғона ва Сирдарё вилоятлари Марказий банк раҳбарлари, Халқ банкининг Наманган ва Сурхондарё, “Агробанк”нинг Андижон ва Фарғона ҳамда “Микрокредитбанк”нинг Тошкент вилоятлари раҳбарлари ишдан бўшатилган.
Шунингдек, муддати ўтган қарздорлик юқори 15 та туман ва шаҳар банклари раҳбарларини тўлиқ янгилаш масаласини кўриб чиқиш тавсия этилган.
Мирзиёев Тошкент вилоятидаги видеоселектор йиғилишида қатор ҳоким ва мулозимларни ишдан олди

Ўз фаолиятида қатор камчиликларга йўл қўйгани, ишларни лозим даражада ташкил қилмагани учун Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари М. Файзиев, Қибрай тумани ҳокими М. Мирқосимов ва Янгийўл тумани ҳокими У. Ялгашев ҳамда ушбу туманларнинг бошқа сектор раҳбарларини лавозимидан озод қилинди.