Ссылки доступа

Тошкентда Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳарбийларининг қўшма машғулоти ўтказилди


Жорий йилнинг 27 июлидан 1 августига қадар Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳарбий бўлинмаларининг биргаликдаги “UZAZ—2023” компьютер қўмондонлик-штаб ўқуви ўтказилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ўқув аввалида Озарбайжон ҳарбий делегацияси Ўзбекистон Қуролли Кучлари Моделлаштириш ва симуляция бўйича тадқиқотлар дала-ўқув маркази билан яқиндан таништирилган. Шундан сўнг гуруҳларнинг тактик вазифаси тақсимоти, дастлабки ҳолат харитаси ва жанг олиб боришга оид бошқа маълумотлар етказилди ҳамда машқнинг фаол босқичига тайёргарлик кўриш бошланган.

“Ўқув давомида чегарани бузиб ўтишга уриниш ва ноқонуний қуролли тузилмаларга қарши жанг олиб бориш бўйича икки давлат ҳарбийлари ўзаро фикр ва малака алмашилди. Қуролли тўқнашувларда ҳарбий ҳаракатлар, махсус гуруҳ ва баталённинг жанговар ҳаракатлари назарий ва амалий жиҳатдан кўриб чиқилди”, дейилган хабарномада ўқув машқлари икки давлат Мудофаа вазирликлари ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик режасига мувофиқ ўтказилгани урғуланган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасида турли соҳаларда, айниқса Турк давлатлари ташкилоти доирасида ҳамкорлик алоқалари кучайгани кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG