Ссылки доступа

Мирзиёев беш ой ичида 200 минг кишини камбағалликдан чиқаришга буйруқ берди


Президент Шавкат Мирзиёев 2 август куни Тошкент вилоятига ташрифи доирасида ўтказган видеоселекторда йил охиригача қолган беш ой ичида 200 минг кишини камбағалликдан чиқаришга буйруқ берди. Унга кўра, бу билан камбағаллик даражаси 14 фоиздан 12 фоизга туширилади.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг билдиришича, йиғилишида Бандлик комплекси раҳбарларига вилоят ҳокимлари билан бирга 500 минг кишини касаначиликка жалб қилиш чораларини кўриш топширилди.

Йил якунига қадар 200 минг киши рўйхатини маҳаллабай тасдиқлаб, юқори даромадли касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитишга топшириқ берилди.

Йиғилишда йил якунигача камбағаллик даражасини 14 фоиздан 12 фоизга тушириб, 200 мингга яқин оилани камбағалликдан чиқариш, 2 миллион аҳоли бандлигини таъминлаш, 55 минг нафар ўзини ўзи банд қилганларни кичик бизнес субъектига айлантириш, 5 мингта кичик корхона ўрта тадбиркорлар тоифасига қўшилиши мумкинлиги қайд этилди.

Тошкентда 27 апрель куни Иккинчи инвестиция форумида нутқ сўзлаган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда сўнгги бир йилда 1 миллион киши камбағалликдан чиқарилгани ва камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга туширилгани тўғрисидаги иддаосини такрорлаганди. Президент илк бор бу ҳақда 2023 йил 25 январь куни ўтган видеоселектор йиғилишида гапирган эди. Мирзиёевга кўра, 2023 йилнинг биринчи чорагида 210 минг киши камбағалликдан чиқарилган.

10 май куни ўтган видеоселекторда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятидаги биттадан туманда Хитой тажрибаси асосида камбағалликдан чиқариш бўйича алоҳида дастур амалга оширилишини билдирган эди. Бу дастур муваффақиятли амалга оширилса, 2024 йилдан бери тажриба мамлакатнинг барча ҳудудларига жорий этилиши билдирилган.

XS
SM
MD
LG